ЖАМИЯТ

ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК ПРОФИЛАКТИК ВА ДАВОЛАШ ИШЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРАДИ


14.04.2018   1385

Кеча Андижон шаҳридаги «Ҳамкор» бизнес марказида"ОИВ инфекциясининг замонавий диагностикаси, олдини олиш ва даволаш масалалари" мавзусида халқаро экспертлар иштирокида илмий-амалий конференцияси ўз ишини бошлади.

У Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 январдаги"Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган Давлат дастурига мувофиқ ўтказилмоқда.

Анжуманни вилоят ҳокимининг ўринбосари Серобиддин Исмоилов табрик нутқи билан очди. Сўнгра ЮНЭЙДС Марказий Осиёдаги минтақавий идорасининг стратегик ахборотлар бўйича маслаҳатчиси Габриэла Ионашку, соҳа мутахассисларидан Руслан Малюта (Қозоғистон), Нина Ференчич (Швейцария)ларнинг маърузалари тингланди.

Илмий-амалий анжуман ОИТСга қарши курашиш ишига манфаатдор томонларни жалб қилиш ҳамда шу соҳада катта тажрибага эга бўлган етакчи ташкилотлар, олимлар, профессорлар ҳамда чет элдан келган малакали мутахассислар билан тажриба алмашиш имконини яратади.

– Соғлиқни сақлаш, ҳуқуқ-тартибот органлари, нодавлат-нотижорат, халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликлар, олиб борилаётган ишлар замирида инсон манфаатлари мужассам, – дейди тожикистонлик"Гулисурх" нодавлат ташкилоти шифокори Севара Комилова. – Бизнинг ташкилотфаолияти касалликка чалинган инсонларнинг ҳаётга қизиқишини оширишга, уларни тушкунликдан олиб чиқишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

Шунинг учун ҳам ОИВ инфекцияси профилактикаси, диагностикаси ва уни даволашнинг замонавий усулларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш, касалликнинг ривожланиши ва тарқалиши сабабларини аниқлаш бўйича тажриба алмашиш, ушбу муаммо бўйича миллий-илмий салоҳиятни кучайтириш, беморларни ОИВга қарши дори воситалари ҳамда оппортунистик касалликлар бўйича даволаш курсларини олишдаги янгиликлар билан танишиш каби масалалар анжуманнинг бош мавзусига айланди.

– Конференциянинг Андижонда ўтказилаётгани бежиз эмас, – деди республика ОИТСга қарши курашиш маркази директори, профессор Нурматжон Отабеков. – Зеро, бу ерда кучли тиббий илмий база мавжуд. Қолаверса, амалиётчи шифокорларнинг салоҳияти, тажрибаси ҳақида ҳам илиқ фикрлар айтиш мумкин.

Анжуманда Швейцария, Молдавия, Россия, Қозоғистон, Тожикистон каби11 та давлат ҳамда республика даволаш-профилактика муассасалари, ихтисослаштирилган марказлар, илмий-текшириш институтлари ва олий ўқув юртларида фаолият юритаётган мутахассислар, ёш олимлар, аспирантлар, магистрлар жалб этилдилар. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри соғлиқни сақлаш бошқармалари, республика ва ҳудудий ОИТСга қарши курашиш марказлари мутахассислари, инфекционистлар, педиатрлардан иборат 200 дан ортиқ экспертлар иштирок этдилар.

Халқаро тадбир бугун ҳам ўз ишини давом эттиради. Иштирокчилар шўъбаларга бўлинган ҳолда кун тартибидаги мавзуларни муҳокама қиладилар.

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА.

Азаматжон Тошматов олган сурат.