Андижон 24

ХАЛҚ ТАБОБАТИНИНГ ЗАМОНОВИЙ ТИББИЁТ БИЛАН ҲАМКОРЛИГИ ВА ИНТЕГРАЦИЯСИ МЕХАНИЗМИ ЯРАТИЛАДИ


14.04.2020   1900

Бу, албатта, касалликларни профилактика қилиш, ташхис қўйиш ва даволаш масалалари йўналишида қатъий қўлланилади. Айни банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланди.

Маълумки, аҳоли саломатлигини таъминлаш, тиббий-санитар ёрдам кўрсатиш, турли хил. хусусан, сурункали касалликлар профилактикасида ва уларни даволашда сифат, хавфсизлик ва самарадорлик жиҳатида амалда синалган халқ табобати кўп асқотиб келган. Шунинг учун ҳам ўтган давр ичида мазкур соҳа тараққиёти бир қадар юксалди. Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси ташкил этилди. Ривожланиши учун асосий мақсад ва йўналишлар белгиланди. Аммо тан олишимиз керак, бу йўлда барибир халқ табобатини замонавий соғлиқни сақлаш тизимига изчил интеграциялаш, бу йўналишда етук мутахассислар ва бошқа тиббиёт ходимлари малакасини ошириш зарурати қаршимизга чиқарверади. Муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинган ушбу қарорда айни муаммолар ечимлари учун аниқ ва тизимли вазифалар белгиландики, уларнинг ижроси, албатта, оғриқли нуқталарнинг бартараф этилишига замин бўлади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг экспертларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси, “Табобат” академияси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ҳамкорлигида ишлаб чиқилиши топшириқ этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-2025 йилларда Ўзбекистонда халқ табобатини ривожлантириш концепцияси лойиҳаси юзасидан белгиланган вазифалар тизим истиқболи демакдир. Мазкур концепция тасдиқланиб, амалга жорий этилиши кўплаб шу соҳадаги муаммоларни ҳал қилади. Масалан, айтайлик, халқ табобатининг асосий йўналишларини ўзида акс эттирган фитотерапия, акупунктура, аюрведайога, наруопатия, гомеопатия сингари йўналишларни ривожлантириш ва замонавий тиббиётда уларни қўллаш бўйича ўқув-методик қўлланмалар, адабиётлар жуда-жуда кам. Қарорда айтилган концепциянинг тез фурсатда қабул қилиниши шу масалада ҳам кўмак бўлади. Бундай адабиётларнинг тайёрланиши аҳолининг соҳлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлашда жуда зарурдир.

Яна бир қувончли жиҳат шундаки, эндиликда мазкур соҳа мутахассисларини тайёрловчи Республика халқ табобати илмий-амалий маркази ташкил этилади. Унинг ҳудудий марказларида халқ табобати бўйича мутахассисларни тайёрлаш курсларини муваффақиятли тамомлаган тиббий маълумотга эга бўлмаганларга тегишли йўналишларда фаолият олиб боришҳуқуқини берувчи гувоҳнома берилади. Ҳудудий марказларда илғор илмий изланишлар ва тадқиқот ишларини олиб бориш учун барча қулайликларга, моддий-техник базага эга замонавий лабораторияларташкил этилади.

Бу имкониятларнинг барчаси халқ табобатини мамлакатимизда янада кенг тараққий топтиришдир. Халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш, асраш, четдан кириб келиб хавф солаётган турли хасталиклар чорасини ўз давлатимизда топа олиш учун ҳам айни қарор қабул қилинди, десак муболаға бўлмас. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси халқимиз манфаатларига хизмат қилади!

Умидахон Зокирова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.