Сайлов - 2021

ХАЛҚ ОВОЗИ – ҲАҚ ОВОЗ


24.10.2021   996

Марҳамат туманидаги 573-участка сайлов комиссияси аъзолари Оқбош маҳалласида яшовчи Ҳотамтой ота Абдусаматовнинг хонадонига кўчма қути билан келдилар. Бобо фарзандлари, набиралари даврасида бугунги дориломон кунлар ҳақида суҳбат қуриб ўтирган экан. “Келдингларми, бувам эрта тонгдан бошлаб сизларни кутяпти”, дея қаршилади набираси.

- Мамлакатнинг тақдирини ҳал қиладиган, халқнинг овози муҳим ўрин тутадиган саналар юртнинг энг катта байрамидир, - дейди 82 ёшни қаршилаётган отахон. – Ахборот каналларини кўп кузатаман. Жуда катта ўзгаришлар рўй бераяпти. Одамларнинг онги, дунёқараши ўзгарган. Кейинги пайтда элни, одамларни рози қилиш, деган тамойил каттаю кичик раҳбарларнинг кундалик фаолиятидан чуқур ўрин олиб бораётгани фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини анча мустаҳкамлади.

Нонуштага ўтирсак, набирам Эъзозахон дарвозадан кириб келди. Тонг саҳардан ўзи танлаган номзодга овоз берибди. Дастурхон атрофида таассуротлари билан ўртоқлашди. Президентлик сайловида биринчи бор иштирок этганини, сайлов участкасидаги юксак тайёргарликни ҳаяжон ила сўзлай кетди.

Отахон ўзи танлаган номзоднинг исми шарифи рўпарасига тегишли белгини қўйиб, бюллетенни қутича ичига жойлар экан:

- Халқимизнинг феъли-атвори, бажараётган амаллари чиройли. Кундан-кунга чирой очиб бораётган юртим жамолини кўриб кўзим қувнайди. Фаровонлигимизга, осуда ҳаётимизга кўз тегмасин, - деди мамнуният билан.

Шу вақт телефон қўнғироғи янгради. Гўшакни кўтарган Эъзоза:

- Назиржон акам экан, чет элдаги Ўзбекистон ваколатхонасида ҳозир овоз берганини айтди, - дея акасининг саломини ҳаммага етказди.

- Набирам Жанубий Кореяда магистратурада ўқияпти, - дейди Хотамтой ота изоҳ бериб. – Қаранг, дунёнинг қайси бурчагида бўлманг, фуқароларимиз учун зарур шароитлар, имкониятлар мавжуд. Бу ҳам жаҳон айвонида мамлакатимизнинг обрў-эътибори янада ортиб бораётганидан далолат.

2-Андижон сайлов округи Матбуот маркази.