Андижон 24

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси: ОИЛАНИНГ ЭРТАНГИ КУНИ, БОЛАЛАР ТАҚДИРИГА КИМ ЖАВОБ БЕРАДИ


29.04.2019   1315

Шу йил 29 апрель куни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш борасида амалга оширилиши зарур бўлган масалаларга бағишланган навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияни вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси,халқ депутатлари вилоят Кенгашининг раиси Шуҳратбек Абдураҳмонов олиб борди.

Навбатдан ташқари сессиянингкенгайтирилган тартибда чақирилишига сабаб бўлган воқелик – вилоят ҳокимининг фуқаролар қабули чоғида кўтарилган уй-жой ва оилавий муаммоларга боғлиқ масалаларнинг кўпайганлиги айтилди. Жорий йилнинг 7 февралида ҳам бу масала сессия кун тартибига чиқарилган эди. Ҳудудларда ўтказилган сессиялар муҳокамасидан сўнг 160 та оиланинг ажрим ҳолатлари кўриб чиқилиб, 114 таси яраштирилганлиги таъкидланди.

Нима учун ҳамон бу соҳада ижобий натижаларга эриша олмаяпмиз, деган савол кўндаланг қўйилди.Сессияга вилоят фаоллари, аҳоли қатламлари вакиллари билан бир қаторда арзимас сабаблар билан ажрим ёқасига келиб қолган ва оқибатда бошпанасиз қолган оналарнинг вакиллари, маҳаллалар раислари, имом-хатиблар, мутахассислар таклиф этилдилар.

Шу йилнинг биринчи чораги давомида 1 минг 56 та оиланинг никоҳи бекор қилинди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 186 та, яъни 17,6 фоиз кўп.Оилавий ажралишлар Андижон шаҳрида ошиб боряпти. Улуғнор, Хўжаобод, Бўз, Қўрғонтепа, Пахтаобод туманларида кўрсаткичлар ачинарли аҳволда. Ажралишларнинг 65 фоизи оилавий келишмовчилик оқибатида рўй бермоқда. Бунда учинчи шахс аралашуви билан жуда катта муаммолар келиб чиқаётганлиги аён.

Олтинкўл туманининг Топтиқ маҳалласида яшовчи Хурсандбек Солиевнинг онаси келинини 3 йилдан буён 2 нафар фарзанди билан ҳайдаб юбормоқда. Булоқбошининг Қумгузар маҳалласидаги оила қайчи қуда бўлган. Она қизи фарзанд кўрмаганлиги учун ажралиб кетганлигини сабаб қилиб, келинини 1 та фарзанди билан кўчага чиқариб қўйяпти. Андижон шаҳрининг Қаландархона маҳалласида яшовчи Муҳаррам Қўчқорованинг 3 нафар фарзанди бор. Эри қайнота билан келишмайди. Уй қайнота номида. Эр-хотин бошқа-бошқа яшайди.

Ажримлар сабаблари таҳлил қилинганида, маҳаллалардаги Яраштириш комиссиялари хўжакўрсинга ишлаётгани маълум бўлмоқда. Оиланинг, ундаги 3-4 нафар боланинг тақдирига бефарқ қараб, юзаки хулоса чиқариш расм бўлган. Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан бу муаммо устидан “оддий иш кунида кўриладиган оддий иш”, деб ҳукм чиқариляпти. Оқибатда вилоят бўйича ўтган чоракда 648 нафар вояга етмаган бола қалби мажруҳ чала етимга айланди. Бу борада Андижон шаҳрида, Жалақудуқ, Шаҳрихон, Марҳамат, Қўрғонтепа туманларида кўрсаткичлар юқори.

Оилавий ажралишларнинг Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан қайд этилиш кўрсаткичлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 42,8 фоизга ошиб кетди. Жалақудуқ туманининг Ҳамзаобод маҳалласида яшовчи Ҳуршида Сотволдиева Хўжаобод туманига турмушга чиққан. У 4 нафар фарзанди билан ҳайдаб юборилган. Ҳовли-жой қайнотасига тегишли. 2017 йилда уйга киритиб қўйиш тўғрисида суд қарор чиқарган. Турмуш ўртоғининг аппеляция тартибидаги аризасига кўра, қарор бекор қилинган. Ҳозир у ота-онасининг 6 сотихли ҳовлисида 3 та хўжалик билан яшаб келяпти. Андижон туманининг Зангибобо маҳалласида яшовчи Гулчеҳра Холматова 3 нафар фарзанди билан ажрашган. Хонадон қайнонаси номида. Ҳокимлик, мутахассислар бир неча бор келинни фарзандлари билан уйга олиб борган. Аммо қайнона киритмайди. Гулчеҳра ота-онасининг 6 сотихли уйида 3 та хўжалик билан ижарада яшайди. Асака туманининг Файз маҳалласидан Нигорахон Абдурасулова, Балиқчининг Маллачек маҳалласидан Лобархон Аҳмедоваларни ҳам уйга киритиб қўйиш тўғрисида суд қарорларига қайноналар қаршилик кўрсатишяпти.

Оилавий ажрим масаласи кўриб чиқилишида аёлнинг, вояга етмаган болаларнинг бошпана таъминоти масаласи очиқ қолиб кетаётир. Афсуски, бу “машмаша” виждонини унутган отани ёки бир қоп ваъда билан келин олган қайнона ва қайнотани, шунингдек, ишни кўраётган судьяни ўйлантираётгани йўқ. 1 минг 56 та ажралиб кетган оилаларнинг 441 таси ёки 41,7 фоизини 30 ёшгача бўлган ёш оилалар ташкил этмоқда. Мустақил даромад топиб, фарзанд тарбияси ва парваришига, уй-жой учун маблағ топишга уқуви ва имконияти йўқлигини кўра била туриб, уларнинг бошини қовуштириб қўяётган катталарга нима дейиш мумкин?

Шу сабабли ҳам уй-жойсиз қолиб, фарзандлари билан ота-онасининг уйига сиғмай сарсон бўлаётган, бир неча йил яшаса-да, ҳеч қандай ҳуқуққа эга бўлмай суд қарорлари устидан мурожаат қилаётган аёллар сони камаймаяпти. Бирчасини бирданига уй-жой билан таъминлаш имконияти йўқ-ку! Шаҳрихон туманининг Баркамол маҳалласида яшовчи асли касби шифокор Акрамжон Жўраевнинг 2 фарзанди бор. 32 йил бирга яшаган турмуш ўртоғи билан ўтган йили ажрашган. Ҳозир бу кимсанинг ҳовлисига 32 йил меҳнати сингган хотини куёвининг хонадонида яшаяпти.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Кенгаш қарори билан қатор тартиблар жорий этиш таклифи билан чиқди. Шаҳар, туман ҳокимликлари қошида ҳокимлар раислигида ҳуқуқ-тартибот идоралари ва жамоатчилик вакилларидан иборат Тўй-маросимларни ўтказиш бўйича комиссиялар тузиш зарур. Шундай маросимлар ичидаги “олди-берди”лар айрим оилаларни пароканда қиляпти. Шунингдек, Фуқаролик ишлари бўйича судларга, адвокатларга, нотариусларга, Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари бошлиқларига, профилактика инспекторларига ҳам қатъий вазифалар белгиланди. Раҳбар ходимлар ва фарзандларининг оилавий ҳолатлари алоҳида эътиборга олиниши керак. Ажрим бўлган келини ва набиралари таъминотсиз қолишига томошабин бўлиб турган шахснинг раҳбар бўлиб ишлашга маънавий ҳаққи йўқ. Ташкилот раҳбари фарзандининг оиласини, набираларини ўз ҳолига ташлаб қўйган бўлса ёки ўзи ҳам оиласини барбод қилаётган бўлса, қўл остидаги ходимдан нимани талаб қилади?

Сессияда оилавий ажримларнинг оғир оқибатлари ҳақида ҳикоя қилувчи фильм намойиши барчани чуқур мушоҳадага чорлади. Олий Суд раисининг ўринбосари Холмўмин Ёдгоров, вилоят Кенгаши депутати Садбархон Мамитова, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Ўктамжон Охунов, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги раиси Нуриддин Ҳолиқназаров кун тартибидаги масала хусусида фикр-мулоҳазаларини баён этдилар. Сессияда кўрилган масала юзасидан қарор қабул қилинди.

Ўз мухбиримиз.