Бугуннинг гапи

Халқ бирлиги ва қудрати рамзи


14.01.2018   2046

Соат 11:00. Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган байрам тадбирлари Бобур номидаги вилоят театрига кўчди. Бу ерга ҳарбий қисмлар сержантлари, зобитлари, мудофаа, фавқулотда вазиятлар, ички ишлар бошқармалари, “Ватанпарвар” ташкилоти ходимлари, Қуролли Кучлар фахрийлари, ташкилот ва муассаса раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.Тантанали марш садолари остида давлатимиз байроғи олиб кирилди.

Вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Шуҳратбек Абдураҳмонов тантанани очиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 26 йиллиги муносабати билан йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.


Табрикда ҳарбий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритилган бўлиб, жумладан, “Аввало, ташқи сиёсатимизнинг мослашувчанлиги ва очиқлиги, қўшниларимиз билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантириш, Ватанимиз мустақиллиги ва суверенитетини сақлаш энг устувор вазифа экани ҳақидаги принциплар асосида Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси янгиланган ҳолда қабул қилинди.

2017 йилда Миллий гвардия ва Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси ташкил этилди, ҳарбий округларнинг таркибий тузилиши ва вазифалари тубдан қайта кўриб чиқилди қўшинларни бошқариш тизими такомиллаштирилди, уларни босқичма-босқич замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш бўйича муҳим қадамлар қўйилди.

Ҳар бир ҳудудда ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди, уларга бевосита раҳбарлик қилиш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари зиммасига юкланди”, дея таъкидланади.

Тантанада Президентимизнинг “Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 26 йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига кўра тақдирланганларга мукофотлар топширилди. Шу билан бирга Мудофаа вазирлиги томонидан ташкил этилган танловнинг турли номинацияларида ғолиб чиққан ҳарбий қисмлар, бошқармалар, бўлимлар ва хизматчилар тақдирландилар. Соҳадаги самарали фаолияти учун вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо совғалари ҳам ўз эгаларига етказилди. Тақдирлашларга бой маросимда, шунингдек, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси ва бўлимларига хизмат автомашиналари калитлари берилди.

Мукофотларни вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ва Ўзбекистон Республикаси фавқулотда вазиятлар вазири Рустам Жўраев топширдилар.

-Республика даражасида “Энг илғор мудофаа бошқармаси” номинациясида 1-ўринни эгаллаганимиз байрамга яна бир совға бўлди, - дейди вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи, подполковник Ашраф Бахронов. – Билдирилган ишончни оқлаш учун астойдил меҳнат қиламиз.

-Бугунги тантанали тадбирлар, айниқса аҳолининг олқишлари руҳимизни янада кўтарди, - дейди вилоят божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш бўлими катта тезкор вакили, “Шуҳрат” медали соҳиби Отабек Шарифбоев. - Чегараларимизнинг шаффофлиги масъулиятимизни янада оширади, халқ манфаатларига хизмат қилишга ундайди. Буни дилдан хис этиб турибмиз.

Ватан ҳимоячиларига тайёрланган байрам концерт дастури ҳам ўзгача руҳ, меҳр ва маҳорат билан намойиш этилди. Унда миллатимиз ғурури, ор-номуси, эл-улус тинчлиги, юрт фаровонлиги йўлида жасорат кўрсатган Тўмарис, Широқ, Амир Темур, Заҳириддид Муҳаммад Бобур каби тарихий сиймоларнинг образлари гавдаланди. Миллий армиямизни бугуни билан уйғунлашиб кетган бадиий композициянинг асосий ғояси ҳам Ватанга садоқат кўрсатиш бўлди.

Қуролли Кучлар ва халқ якдиллиги намойишига айланган байрам тадбирлари дилларга ғурур, кўнгилларга завқ-шавқ бағишлади.

Саидаҳмад Шукуров,

Акбаржон Назаров,

Рустамжон Эшонов,

Жаҳонгир Содиқжонов.

«auz.uz» online гуруҳи аъзолари.