Андижон 24

ГУЗАРДАГИ «ЛИДЕРЛАР»


30.12.2018   1614

Избоскан туманидаги Тўрткўл қишлоғида хусусий мактабгача таълим муассасаси очилди.

Бир йил муқаддам тадбиркор Шуҳратбек Шодмоналиевга туман ҳокимининг қарори билан Гузар маҳалласи ҳудудидан 0,65 гектар майдон ажратилган эди. Айнан шу бўш турган ерда 12 ой деганда уч қаватли замонавий таълим-тарбия кошонаси бунёд этилди. Гарчи лойиҳа қиймати 3,482 миллион сўм бўлсада, талаб даражасиданда ошириб бажарилган ишга якунда тадбиркор томонидан режадагидан кўп маблағ сарифланди. Иситиш тизимига алоҳида эътибор берилган. Спорт майдончалари, бассейн, тиббиёт хонаси каби барча зарур қулайликлар яратилган.


Математика, рус ва инглиз тилларига ихтисослашган боғча 100 нафар кичкинтойни бағрига олади. Шунингдек, бадиий гимнастика, карате тўгараклари очилган.

-Хусусий боғча очиш орзуим эди,- дейди тадбиркорнинг турмуш ўртоғи, шу ҳудуддаги 15 давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати директори Муҳайёхон Шодмоналиева. – Ундаги ўқитиш жараёнини 30 йиллик педагогик тажрибамдан келиб чиқиб ташкил этишга ўз ҳиссамни қўшганимдан ҳурсандман. Икки–олти ёшлиларни қабул қилиш режалаштирилган бўлиб, айни дамда 4 синфга қадар бўлганларни мактаб дастури асосида ўқитиш ҳам кўзда тутилган. Бешинчи синфдан эса математикага ихтисослаштирилган 15-ДИМИда сабоқ олишлари битирувчиларимизга жуда қўл келади. Болажонларимизга ментал арифметика, этика ва эстетикадан ҳам бошланғич билимлар берилади.

Қурилишнинг сифатли ва муваффақиятли амалга оширилгани кўп жиҳатдан вилоят, туман ҳокимлари, бошқа ташкилотларнинг кўмаги билан изоҳлаш мумкин, дейди тадбиркорлар оиласи. Қолаверса, маҳалла аҳли ҳашар йўли билан қурувчиларга беминнат ёрдам бердилар.

-Уч километр радиусда боғча мавжуд эмас, - дейди Гузар МФЙ раиси Нурмуҳаммад Тошматов. – 6,5 минг ахоли истиқомат қилувчи маҳалламизда бу каби муассасага эҳтиёж катта эди. Ўйлайманки, яхши ният билан бошланган иш бароридан келади.

Очилиш тантаналарида Избоскан тумани ҳокими Серобиддин Исмоилов иштирок этиб, барчани Янги йил билан қизғин қутлади.

«auz.uz» online гуруҳи.