Спорт

Гўзаллик ва нафосат байрами


23.08.2017   1593

Андижон шаҳридаги Олимпия заҳиралари коллежида Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида аёллар спорт фестивалининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма олти йиллиги байрами олдидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур спорт фестивалида унинг шаҳар, туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган жамоалардан ташкил топган 16 туман ва шаҳар жамоаси иштирок этди.

Фестиваль очилишида сўз олганлар мамлакатимизда опа-сингилларимизнинг соғлом бўлишлари, хотин-қизлар спортини ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, мазкур фестивалнинг аёлларни спортга жалб этишдаги ўрни ва роли хусусида гапирдилар. Хусусан, аёллар спорт фестивалининг маҳаллалар, меҳнат жамоаларида ўтказилган, шунингдек, туман ва шаҳар босқичларида 90 минг нафарга яқин аёллар иштирок этганлиги таъкидланди.

- Бугун вилоятимизда хотин-қизларимизнинг спорт билан шуғулланишлари учун 4 мингдан зиёд спорт иншоотлари ишлаб турибди, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова. - Хотин-қизларнинг спорт билан шуғулланишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган. 1100 нафардан зиёд аёл мураббийлар фаолият олиб бормоқда. Умуман, бу борада олиб борилаётган самарали ишлар натижасида айни кунда вилоятда 25 мингдан зиёд аёллар спорт билан мунтазам шуғулланмоқда, 120 минг нафарга яқин хотин-қизлар оммавий спорт турларига жалб этилган. Бу ўз навбатида оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмонан баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширмоқда.

Байрамона ва кўтаринки руҳда ўтган фестивалда хотин-қизлар спортининг волейбол, енгил атлетика, стол тенниси, шахмат, сузиш, дартс, гимнастрада турлари бўйича ўзаро баҳслашди.

Қизғин ва муросасиз баҳслар якунига кўра, Марҳамат тумани вакиллари умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди. Избоскан тумани жамоасига иккинчи, Олтинкўл тумани жамоасига учинчи ўрин насиб этди. Шунингдек, фестивалда бир қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Fолиб ва совриндорлар фестиваль ташкилотчилари томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Зуҳриддин

УМУРЗОҚОВ.

Муаллиф олган суратлар.