Андижон 24

ГРАН-ПРИ ЕТТИ МИНГ АҚШ ДОЛЛАРИ


04.04.2019   2658

Президентимизнинг ўтган йили 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида Термиз шаҳрида бошланадиган анжуманга тайёргарлик ишлари якунига етиб бормоқда. Эртага катта тантана бўлиб ўтадиган амфитеатр ва Санъат саройи майдонида бош тадбир ҳамда вилоятлардан келган санъаткорларнинг чиқишлари сайқалланиб, энг томошабоп дастурлар иштирокчилар эътиборига ҳавола этилади. Бу ҳақида айни дамда Термиз шаҳрида фаолият олиб бораётган мухбиримиз Муроджон Тўхтаназаров хабар бермоқда.

Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ЮНЕСКО шафелиги остида ўтказиш бўйича ЮНЕСКО Бош директорининг расмий розилик мактуби олинди. Фестивалда ЮНЕСКО ҳамда АЙСЕСКО (таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти) халқаро ташкилотлари, шунингдек, Афғонистон, Туркия, Тожикистон, Қувайт ва бошқа давлатлардан фахрий меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда.


80 дан ортиқ давлатлардан 300 га яқин иштирокчилар саралаш комиссияси томонидан кўриб чиқилди. 76 давлатдан 58 нафар ижрочилар, 23 нафар конференция иштирокчилари, 45 нафар меҳмонлар, 25 нафар оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилади. Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Хитой, Жанубий Корея, Эрон, Сербия, Туркия, Озарбайжон, Болгария, Белгия, Россиянинг Бошқирдистон ҳамда Хакасия ҳудудлари ва бошқа давлатлардан маҳоратли бахши, достон ижрочилари иштирок этиши кутилмоқда.

Тошкент ва Термиз шаҳарларида фаолият юритувчи ишчи гуруҳлари таркибига юксак касбий маҳоратга эга бўлган сценаристлар, режиссёрлар, балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш санъаткорлар жалб этилди.Хорижий иштирокчиларнинг Ўзбекистонга ташрифи дастури лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Сурхондарё санъат саройи давлат муасассаси амфитеатрида кечки пайтларда хорижий ва маҳаллий иштирокчиларнинг концертлари ташкил этилиши белгиланди.

Иштирокчиларнинг чиқишлари юқори малакали мутахассислар, таниқли санъат ва маданият арбоблари, олимлар, тадқиқотчилар, шунингдек, иштирокчи давлатларнинг тегишли соҳалар намояндаларидан иборатхалқаро ҳайъат аъзолари баҳолаб боради. Жараёнда асл миллий хусусиятлари, куй, нағма ва термаларнинг бадиий-эстетик жиҳатлари, ўзига хослиги, халқ ижрочилиги усулларини эгаллаганлик даражаси, кийиниши, саҳна маданияти, либосларидаги бадиий безакларнинг миллий анъаналарга мослиги, анъанавий мусиқа асбобларидан фойдаланиш жиҳатларига алоҳида эътибор берилади.

Танлов ғолибларига Ташкилий қўмита томонидан диплом, ҳайкалча ва пул мукофоти — Гран-При 7 000, яккахон ва жамоа йўналишлари бўйича 1-ўринга5 000, 2-ўринга 3 500, 3-ўринга 2 500 АҚШ доллари миқдоридамукофот берилади. Ижрочилар “Энг ёш бахшичилик санъати иштирокчиси”, “Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи”, “Энг яхши чолғу ижрочиси” каби номинациялар бўйича пул мукофоти ва махсус дипломлар билан тақдирланадилар.

Фестиваль муносабати билан жуда катта ҳажмдаги қурилиш, реконструкция, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилди. Термиз аэропортининг янги биноси қуриб битказилди, Алпомишнинг ҳайкали мукаммаллаштирилган ҳолда санъат саройи биноси яқинига ўрнатилди. Санъат саройи ҳудудида томошабинлар учун йиғмава асосий амфитеатр барпо этилди. Кўча ва хиёбонлар, кўп қаватли турар-жой бинолари жорий таъмирланди.

Халқаро анжуманда вилоятимиз вакиллари кўтаринки кайфият билан иштирок этишга шай турибдилар. Ранг-баранг дастурлар, кўргазмалар, томошалар меҳмонлар, юртдошларимизга манзур бўлиши шубҳасиз.