«102» хабарлари

Гиёҳвандлик - аср вабоси: МАСТ ЖИНОЯТЧИГА ОҒИР ЖАЗО МУҚАРРАР


27.10.2017   706

Ҳозирги кунда бутун дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган энг катта муаммолардан бири - гиёҳвандлик ҳисобланади. Унга мубтало бўлганларнинг аксариятини ёшлар ташкил этиши янада ачинарли ҳол. Айрим ёшларнинг гиёҳвандлик қулига айланиши ва охир-оқибат завол топиши эса соғлом келажакка бўлган яққол таҳдиддир. Мухбиримиз гиёҳвандликнинг жамиятимиз, оилалар ва ёшларга салбий таъсири, ҳуқуқий оқибатлари мавзусида Андижон ҳарбий прокурори, адлия подполковниги Камолиддин Рўзиметов билан суҳбатда бўлди.

  • Бу жирканч иллатнинг оғир асоратлари қандай?

- Гиёҳвандлик оқибатида жиноятчилик, ОИТС, жинсий йўл билан юқадиган касалликлар, гепатит ва оғир хасталиклар, фохишабозлик сингари иллатлар кучаяди. Яқин қариндошлар, ота-она ва фарзанд, дўст-биродар, эр-хотин ўртасидаги меҳр-муҳаббат ришталарини сўндириб, даставвал гиёҳвандликка мубтало бўлган кишининг, сўнгра унинг оиласи, охир-оқибатда жамиятнинг издан чиқишига сабаб бўлади.

Гиёҳвандликнинг етказадиган зарари сон-саноқсиз. Унга мубтало бўлган кимсада аваало ўзига, сўнг оиласига, касбига, ўқишига нисбатан қизиқиш қолмайди. Айниқса, ишлаб чиқариш ва тараққиётнинг асосий кучи саналмиш ёш авлодни гиёҳвандликнинг биринчи навбатдаги қурбони бўлиши мудҳиш ҳодиса.

Масаланинг яна бир муҳим жиҳати, гиёҳвандликка ружў қўйган кимсалар “оқ ажал”ни мунтазам харид қилиб туриш учун катта миқдорда пул ва маблағга муҳтожлик сезади. Бунинг учун улар нафақат ўз виждонини, балки оиласини, ватанини ҳам сотиб юборишга, ўз она юртига хоинлик қилишга ҳам тайёр бўладилар.

- Гиёҳвандлик исканжасига тушиб қолмаслик учун нима қилиш керак?

- Бу балонинг мудҳиш оқибатлари, ҳуқуқий жавобгарлик асослари ва унинг олдини олиш масалалари юзасидан оммавий ахборот воситалари орқали бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам қонунчилик тарғиботи тадбирлари амалга ошириб келинмоқда.

Фуқароларнинг, айниқса ёшларнинг гиёҳвандлик таъсирига тушиб қолишлари нафақат қонун ҳимоячиларини, балки бутун жамоатчиликни ташвишга солмоқда. Шу боисдан гиёҳвандликни олдини олиш борасида мамлакат миқёсида давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Лекин ҳар бир шахс бу балога дучор бўлмаслик, аввало инсоннинг ўзига боғлиқ эканлигини унутмаслиги лозим. Чунки, шахснинг гиёҳвандлик гирдобига тушиб қолиши кўп ҳолларда ўзининг юриш-туришига, қонунларни қай даражада ҳурмат қилиши ва унга итоаткорлиги, аҳлоқ-одоби савиясига узвий боғлиқдир.

- Гиёҳванлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилганлик билан боғлиқ қилмишлар учун белгиланган жавобгарлик масалаларининг ҳуқуқий асосларига қисқача тўхталиб ўтсангиз.

- Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 56-моддасига кўра, гиёҳвандлик воситаларини ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай оз миқдорда ғайриқонуний тарзда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш билан боғлиқ ҳаракатларга маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодексида ҳам бу борадаги жиноятларга қарши самарали курашни амалга ошириш юзасидан қатор нормалар белгиланган.

Ҳусусан, Жиноят Кодексининг XIX боби “Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар”, деб номланади.

Мазкур боб таркибидаги 270-271 ва 273-276- моддаларда “Тақиқланган экинларни етиштириш”, “Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш”, “Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни истеъмол қилишга жалб этиш”, “Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш”, “Гиёҳвандлик воситалари ва псхотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар” билан боғлиқ жиноятлар учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.

Шунингдек, Жиноят Кодексининг 56-моддаси 1-қисмининг “о” бандига кўра, мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёхуд кишининг ақл - идрокига таъсир қилувчи бошқа моддалар таъсири остида жиноят содир этиш жазони оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланиши қатъий кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 127-моддаси 2-қисмига биноан, вояга етмаган шахсни гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар истеъмол этишга жалб қилиш, 3-қисмида эса вояга етмаган шахсни жиноят қилишга жалб этиш, шунингдек ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар учун ҳам жавобгарлик қатъий белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир фуқаро она – Ватан, халқ тақдири олдидаги масъулиятни юракдан ҳис этиб, касбий фаолиятини сидқидилдан бажариши, аввало ўзи, шунингдек ён-атрофдагиларнинг ҳам бу иллатлардан йироқ бўлиши учун бор куч ва билимини аямаслиги, огоҳ ва ҳушёр бўлиши инсоний бурчидир.

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ суҳбатлашди.