Андижон 24

Германиялик тадбиркорлар: БИЗ ТАБИИЙ МАҲСУЛОТЛАР ХАРИДОРИМИЗ


11.04.2021   6363

Куни кеча бир гуруҳ немис ишбилармонлари Хўжаобод туманидаги «Навигул» қўшма корхонасига ташриф буюришди. Йирик ҳажмдаги иссиқхона фаолияти билан батафсил танишдилар. Энг сўнгги русумдаги мазкур иссиқхона майдони 6 гектардан зиёд бўлиб, бу ерда буюртмага олинган сабзавот экинлари кўчатлари етиштирилмоқда.

Жумладан, помидор, булғор қалампири, гул ва брокколи карамлар кўчатлари катта майдонларга экилишига тайёрланмоқда. Айтайлик, Франция селекциясига мансуб помидор навивилоятимиз деҳқонлари томонидан синовдан муваффақиятли ўтди. Ўтган йили унинг ҳар гектаридан 170 тоннагача ҳосил олинди. Қайта ишлаш ва бозорга чиқариш орқали салмоқли даромад олиш амалда исботланди. Биз учун ноанъанавий бўлган карамлар ҳам бозорбоплиги ва харидори борлиги билан ажралиб туради.

2020 йилда ўрнатилган ҳамкорлик туфайли икки томон тадбиркорлари ўзаро ишончга киришганликлари ҳосиласи сифатида жорий йилда ҳам Андижондан янада кўпроқ маҳсулот олиш мақсадида «Навигул» фаолиятига яна бир бор кўз югуртиришди. Бу йил улар томонидан помидор ва мева қоқилари, укроп, кашнич ва яна бошқа маҳсулотлар сотиб олинади.

«Навигул» қўшма корхонасида 900 гектардан зиёд ер мавжуд,тенг ярми боғ ва токзордан иборат. Парвариш қилинаётган мева нави сархил бўлиб, қуёшли юртда ўзининг барча табиий ҳолатини сақлаган ҳолда маҳсулот беришга мослашди.

Биз «тоза маҳсулот» ҳақида бежиз сўз юритмаяпмиз. Маълумки, гибрид ва генетик жиҳатдан ўзгартирилган мева-сабзавот маҳсулотлари айнан Европада яратилган ва кўп мамлакатларни қамраб олишга улгурган. Сўнгги йилларда Европадаги бир қатор мамлакатлар зикр этилаётган мева-сабзавотлардан қонун йўли билан воз кечишмоқда.Шунинг учун ҳам улар органик маҳсулотлар бозорини шакллантиришни бошлашди ва биз томон интилишмоқда. Гилос, шафтоли, олхўри ва ўрик хариди қаторида Андижон қора гилоси бўйича ҳам сўз очилди. Ҳайратланарли ҳолат. Маҳаллий навдаги гилосга Россия томонидан ҳам кўп миқдорда импорт қилиш бўйича тадбиркорлардан кўпдан-кўп таклифлар тушаётир.

Сўнгги пайтларда боғдорчилик йўналишидаги фермерларнинг айнан эртаки мева маҳсулотлари етиштириш ҳақида сўзлашаётганликларига гувоҳ бўлиб турибмиз. Эртаки мевалар ҳосили учун табиат бизга сахийлик қилмоқда. Шундай хулосани сабзавотлар борасида ҳам татбиқ этсак бўлаверади.

Демак, биз имкон қадар эртаки сабзавот ва мева етиштириш йўлини маҳкам ушлашимиз заруратга ўхшамоқда. Ҳеч қачон кечки мевалар ва сабзавотлар билан ғарб бозорини эгаллай олмаймиз чоғи. Таассуфки, вилоятимизда оз эмас, 9 минг 947 гектар олмазор бор. Бу рақам жами боғ майдонининг салкам 60 фоизини ташкил этади.

Андижонда мева, узум ва сабзавот етиштириш қизғин кечган йилларда қайта ишлаш саноати мавжуд бўлиб, йириккорхоналар қаторида 70 дан зиёд хўжаликда, 28 та матлубот жамиятларида қуввати 3 миллион шартли банка маҳсулотини қадоқлайдиган мини заводлар бўлган. Харидоргир маҳсулотларга талаб ортса, қайта ишлаш ҳажми қисқарган. Талаб камайган пайтда эса, қайта ишлаш мароми бир текисда бораверган. Бугун эса, униси ҳам, буниси ҳам ўлда-жўлда.

Балиқ ва чорва маҳсулотларини қайта ишлаш бор экан, помидор қайласи, зираворлар, чунончи, саримсоқ пиёзга эҳтиёж бўлаверади. Афсуслар бўлсинки, вилоятни тўрт бор айланиб ўтинг, ҳеч ерда катта майдонларда помидор етиштирилмаётганлигига гувоҳ бўласиз. Бор жойда ҳам ҳосилдорлик ҳад-дан зиёд оз бўлиб, даромад ва буромад бир-бирига ўхшамайди.

Ёки ўрик ҳақида айтадиган бўлсак, вилоятимизда ўртаки ўрик майдони анча катта эди. Бугун бунинг акси. «Навигул»да эртаки ўриклар терими якунлангандан сўнг етиладиган ўрик майдони 42 гектарни ташкил этмоқда. Яъни август ойида пишади. Бундай мисолларни яна кўп бор келтириб ўтишимиз мумкин.

Келинг, бугун вилоятимизда нечта фермер хўжалигининг банкда валюта ҳисоб рақами борлиги билан қизиқиб кўрайлик. Истаб-истаб топганимиз шуки, Қўрғонтепа туманидаги «Оқ сув», Булоқбоши туманидаги «Дўланали боғбон меваси» ва яна иккита-учта фермер хориж бозорига чиқаётганлиги маълум бўлди.

«Оқ сув» фермер хўжалигида музлатилган тарздаги маҳсулотлар хорижликларга тақдим этилмоқда. Иш устида турган Равшанбек Аҳмедов харидор қидирмади. У интернетга эълон берди. Москва, Минск ва Уралдан харидорлар хабарлашди. Дастлаб 33 минг АҚШ доллари миқдорида, сўнгра эса 600 минг АҚШ долларидан зиёд миқдорда маҳсулот экспорт қилинди. Маҳсулотлар хили озроқ. Асосан гул ва брокколи карам, булғор қалампри ҳамда Андижон қора гилосига харидор керагидан зиёд бўлаётир.

Булоқбошилик Ҳабибулло Назаров эса, ма-йиз тайёрлаш техноло-гиясини чунон пухта ўзлаштирдики, самарқандликларни ортда қолдириб, 2018 йилдан буён Андижон майизини Японияга жўнатмоқда. Эътиборли жиҳати шуки, ҳар икки фермер хўжалиги ҳисоб рақамига аввалдан валюта келиб тушмоқда.

Андижонда ер кам ёки сув муаммоси бор, деган гап кўп такрорланади. Бу бекор гап. Бор ердан ҳам самарали фойдаланишни эплай олмаяпмиз. Вилоятимизга интенсив технология асосида парвариш қилинадиган мевали кўчатлар кириб келганлигига ҳам 10 йилдан кўпроқ вақт ўтди. Қани натижа?

Асака автомобилсозлик корхонасининг 50 гектарлик «ноёб» олма боғи қандай каромат кўрсатди? 25 миллиард сўмни ютиб юборган боғсиз ва биз кутган натижани бермади. «Биокимё» корхонаси боғи ҳам 400 минг евро билан бунёд бўлган эди. Ҳудо хоҳласа, унинг ўрнида нокзор барпо этилиши эҳтимоли бор. Пахта тозалаш саноатига қарашли интенсив боғлар тақдириҳал этилиши вақти-соати келди.

Узоқ йиллардан буён аксарият раҳбарлар Россия бозорини забт этиш учун қатор ҳудудларга сафар қилишди. Бироқ маҳсулотлар пишиб етилганда харидорлардан дарак бўлмади. Ҳадемай пишиқчилик бошланади. Биз ўзга юртларга бориб, маҳсулотларимизни кўкларга кўтаришни бас қилган ҳолда, интернет орқали хорижлик ишбилармонларни вилоятимизга таклиф этсак, келганмеҳмонлар дала ва боғларимизни ўз кўзлари билан кўришиб, мазали мева, узум ва сабзавотларимизни қўлларига олиб, тотиб кўрсалар, албатта қизиқиш ортиши, харидор бўлиши аниқ. Замон ана шундай йўл тутишни тақозо этмоқда.

Ҳосилимизнинг анча қисми тўкилиб, исроф бўлаётганлигига ачиниш ҳисси қолмади. Ёши улуғлар ҳар дамда дастурхонда мева қоқилари, майиз, жийда бўлишини ёшларга уқтириб келишади. Айниқса, қийинчилик йилларда шундай ноз-неъматлар иш берганлигига шукроналар айтишади.

Хўжаободлик Қаҳрамон Собиров Масодиқ ота Мадиёровнинг энг содиқ яқинларидан бири бўлган. У ҳозиргача дарахтлар остига тўкилган меваларни нави ёки хилига қарамасдан йиғиб-териб олиб, қоқи тайёрлайди. Қаҳрамон Собиров тайёрлаётган қоқилар қопда қолиб кетмаяпти. Сўраб-суриштириб хориж бозорига олиб кетаётганларбисёр. Қиссадан ҳисса шуки, бозор тамойиллари ҳар бир инсондан изланишни, меҳнат қилиб мақсадга етишни тақозо этаётир. Ношудлигимиз туфайли ҳамон бу тамойилларни ўзимизга сингдирмаяпмиз. Ваҳоланки, хорижга маҳсулот чиқариш орқали ўзимизни аллақачон тиклаб олган бўлардик.

Қобилжон

АСҚАРОВ.