ЖАМИЯТ

ГЕРМАНИЯЛИК ШИФОКОРЛАР АНДИЖОНДА


08.04.2018   1511

Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини асраш, тиббий хизмат сифатини юксалтириш, муассасалар моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Халқаро тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириб, жаҳондаги илғор тажрибаларни ўрганиш ва тизимга жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бир неча йиллардан буён Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳамда Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти ўртасида тузилган ҳамкорлик келишувига асосан болалардаги оғир асоратли касалликларни даволаш борасида хайрли иш ташкил этилмоқда.

Мамлакатимизнинг барча вилоят ва шаҳарларида ўтказиладиган тиббий кўрик натижаларига кўра, оғир деб топилган бемор болалар Германиянинг нуфузли клиникаларида даволаниш учун юборилади. Андижон вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида ҳам навбатдаги тиббий кўрик бўлиб ўтди.

– Германиянинг малакали шифокорлари томонидан мураккаб турдаги куйишнинг асоратлари, остеомиелит асоратлари, сийдик йўлларининг туғма нуқсони ва оператив даволанишга муҳтож болалар тиббий кўрикдан ўтказилди, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Андижон вилояти ҳудудий филиали директори Турсунбой Бердираҳматов. – Ўтган йиллар давомида 21 нафар бола со-ломлаштирилди. Бундан ташқари бошқа ривожланган давлатларнинг тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликда ҳам мана шундай хайрли ишлар олиб борилмоқда.

Тиббий кўрикда хорижлик шифокорлар билан бирга, мамлакатимиз мутахассислари ҳам иштирок этди.

– Мақсадимиз болаларнинг саломатлигини асрашга кўмаклашиш, ўзбекистонлик шифокорлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш, – дейди “Friedensdorf International” халқаро ташкилотининг ижтимоий дастурлар бўйича ходими Марейк Янсен хоним. – Ўзбекистон тиббиёт соҳасида катта ютуқларга эришгани гувоҳи бўлдим. Келишув доирасидаги ҳамкорлигимиз ва олиб бораётган ишларимиз ижобий самаралар беришига ишонаман.

Кўрик доирасида шифокорларимиз ва хорижлик мутахассислар ўртасида болалар хасталикларини аниқлаш, самарали даволаш бўйича мулоқотлар бўлиб ўтди, ўзаро тажриба алмашилди. Бу ишлардан ота-оналарнинг ҳам қувончи чексиз.

– 2015 йили хонадонимизда содир бўлган газнинг чақнаши оқибатида 3 нафар фарзандим куйиб, тан жароҳати олган эди, – дейди Пахтаобод туманидан келган Отабек Маматҳожиев. – Икки нафари Германияда даволаниб келди. Бир нафари ҳозир даволаняпти. Бугун хорижлик мутахассислар даволаниб қайтган ўғлимни яна бир бор кўрикдан ўтказишди. Фарзандларимизнинг соғлом бўлиши учун мана шундай имкониятлар яратилаёганидан жуда хурсандман.

Тиббий кўрик давомида хорижлик шифокорлар томонидан зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.

МуроджонТўхтаназаров.

Суратда: тиббий кўрик жараёнлари.