Андижон 24

ГАЗНИ СОТИШ ТУМАН ҲОКИМИНИНГ ҚЎЛИДА ЭМАС, БАЛКИ УНИНГ ЎЗ МАСЪУЛЛАРИ БОР


02.12.2019   1670

Куни кеча ижтимоий тармоқларда “Туман ҳокими ва прокурори маҳалласида газ бор, оддий халқ уйида эса...” сарлавҳали хабар тарқалди. Ушбу хабарда Булоқбоши туманидаги табиий газ таъминоти масаласида тўхталиб ўтилган. “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ Матбуот хизмати хабарнинг нечоғли ҳақиқат эканлигини билиш мақсадида Булоқбоши туманига ташриф буюрди.

Ҳозирги кунда туманда 16 мингдан зиёд хонадон табиий газ таъминотида. Туманда газ таъминотини янада яхшилаш учун бир талай ишлар амалга оширилмоқда. “Чақар” МФЙ ҳудудида янги АГТШ(автоматик газ тақсимлаш шохобчаси) ишга туширилди. Мазкур АГТШга 4 кмдан янги тармоқ тортилган. Натижада ҳудуддаги “Тошкечик”, “Гулистон” ҳамда “Боймаҳлла” МФЙларидаги 2000 та хонадонни яна қайтадан табиий газ билан таъминланиши кўзда тутилган. Ушбу тармоқни тортиш учун эса 650 млн. сўм маблағ сарфланган. Яна бир Учтепа АГТШ ҳам ишчи ҳолатида ишлабтурибди. У ердан “Ширмонбулоқ”, “Қақир” ҳамда “Навоий” МФЙлари учун 2,5 кмлик тармоқ тортилаяпти. Ушбу ҳудуддаги 1835 та хонадон аҳли ҳам хурсанд. Тармоқ тортиш ишларига эса 335 млн.сўмлик маблағ сарфланган. Ўтган ойнинг 15 санасида юқорида номи зикр этилган МФЙларни суюлтирилган газ таъминотидан қайта табиий газ таъминотига ўтказиш бўйича туман ҳокимининг фармойиши чиқди. Ҳозирда тармоқни қайта тортиш ишлари жадал кетмоқда. Ҳатто фарғоналик соҳа мутахассислари ҳам ёрдам келган. “Учтепа” МФЙ ҳудудидан топилган янги 12-қудуқ эса жорий йилнинг 5 декабридан бошлаб Булоқбоши туман аҳолиси учун газ беришни бошлайди.

Жамиятнинг “Булоқбошитумангаз” филиали раҳбари Шоҳруҳбек Шуҳратбековнинг маълум қилишича, туман аҳолисининг бир суткалик табиий газ истеъмол ҳажми 220 минг кубометрни ташкил этади ва филиал томонидан ушбу ҳажмдаги табиий газ етказиб берилмоқда.

Туман ҳокими Ўткирбек Мамуров “Юксалиш” МФЙ ўрамидаги хизмат уйларида истиқомат қилади. Ташриф чоғида нафақат “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадонларда, балки унга туташ бўлган “Дўлана”, “Буюк турон” ва “Шоҳгузар” МФЙларида ҳам бир меъёрда табиий газ ёнаётганлигини гувоҳи бўлдик. Туман прокурори Муроджон Салоҳиддинов эса Андижон шаҳрида истиқомат қилади.Яна бир гап, Ўзбекистон Республиксида барча қазиб олинаётган газ ва нефть маҳсулотларини қазиб олиш ва сотишга ўша ҳудуднинг туман ёки вилоят ҳокими эмас, балки “Ўзбекнефтьгаз” АЖ масъул ҳисобланади.

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ Матбуот хизмати