ЖАМИЯТ

“ГАЗНИ ИҚТИСОД ҚИЛИШ – ДАРОМАДНИНГ БАРАКАСИ ЭКАН..”


28.05.2020   701

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ матбуот хизмати Пахтаобод туманида уй ичи газ жиҳозларига хизмат кўрсатиш йўналиши бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Туманнинг “Учкўза” МФЙ “Ғайрат” кўчасидамиз. Дастлабки ташриф буюрган хонадонимиз Иқболжон Нўъмоновларники бўлди. Уй эгасидан чилангар ҳақида сўрадик.

Иқболжон Нўъмонов, “Учкўза” МФЙ “Ғайрат” кўчаси 23-уй:

- “Газ идорасидан уйимизга, албатта бир йилда икки марта келишади. Комфоркаларимизни, бошқа жиҳозларни созлигини текширишади. Чилангаримиз Маъруфжон Мирзаевни ҳам яхши танийман. Уйдагиларим ҳам танишади. Хизматини доимо сифатли қилиб бажаргани учун, газ ҳидини сезиб қолсак ёки комфоркани бирорта кўзи ишламай қолса ҳам дарров чақирамиз. Шу кунгача бирор марта ҳам бизни алдамади ёки ёмон хизмат кўрсатмади. Шуларга раҳмат..”.

Пахтабод туманида 10 минг 696 та хонадон табиий газ истеъмолчиси ҳисобланса, 26 минг 993 хонадонга филиал томонидан суюлтирилган газ ўз вақтида етказиб берилмоқда. 37 мингдан ортиқ истеъмолчининг уйларида 55 минг 512 дона уй ичи газ жиҳозлари мавжуд.

Раҳматжон Шарипов, истеъмолчи:

“Техник кўрикка келишганда газдан оқилона, тежамкорлик ва тўғри фойдаланиш ҳақида гапириб беришди. Очиғи, кўп нарсани билмасдим. Мўриларни тозалиги, газ плитани созлиги газни тежашга ҳам имкон бераркан. Газни иқтисод қилиш – даромадимни иқтисоди экан. Энергиятежамкор жиҳозлар ҳақида ҳам гапириб ўтишди. Насиб қилса, шу ой ичи горелкани ҳам алмаштираман. Янаям иқтисод қиладиган бўлдим..”

Йил бошидан шу кунгача 11 нафар чилангар томонидан 6252 та газ жиҳозлари техни кўрик ва хатловдан ўтказиб бўлинди. Улар ўзларига бириктирилган ҳудудда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш билан бирга энергия тежамкор газ жиҳозлари тарғиботига ҳам алоҳида аҳамият беришмоқда. Истеъмолчига газни тежаш, ундан оқилона фойдаланган ҳолда иқтисод қилиш тушунтирилса, даромадлар янада кўпаяди, тўлов қобилияти ўз вақтида бўлади. Юрт фаровонлиги ва турмуш тарзини яхшиланиши ана шундай кичик қадамлардан бошланади.

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ матбуот хизмати