Бугуннинг гапи

ГАЗЕТАНИНГ ЭРТАСИ БОРМИ?


21.09.2018   242

Сиз нима деб ўйлайсиз, матбуотнинг келажаги борми? Интернет журналистикаси ва ижтимоий тармоқлар кун сайин ривожланиб бораётган бир паллада рақобатга бардош бера оладими? Босма нашрларда берилаётган мақолалар газетхон учун қай даражада аҳамиятли?

Бугун Фарғона шаҳрида Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда Журналистлар ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган “Ахборот майдонида электрон ОАВ, ижтимоий тармоқлар ва босма нашрлар мутаносиблиги” мавзусидаги илмий-амалий конференцияда шу каби саволлар атрофида баҳс ва муҳокамалар бўлди. Унда мамлакатимиздаги етакчи марказий нашрлар бош муҳаррирлари, интернет сайтлари вакиллари, водий вилоятларида фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ журналистлар иштирок этишди.

Уюшма Фарғона вилояти бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов кейинги пайтда ҳар соҳада дунёга юз очаётган Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари фаолиятида ҳам жиддий ўзгаришлар кўзга ташланаётганлиги, матбуотни чинакам халқ минбарига айлантириш йўлида катта саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганлиги хусусида сўз юритди. Шу билан бирга, журналистлар олдида турган бир қатор муаммолар, газеталарнинг эртанги куни билан боғлиқ муҳим масалалар борлигини ҳам таъкидлаб ўтди.

Тан олиш керак, сўнгги йилларда ОАВга бўлган эътибор кескин ўзгарди. Таққсолаш учун газеталарнинг ҳеч бўлмаган охирги бир йиллик тахламларини варақлаб кўрайлик. Мамлакатда кечаётган ислоҳотлар жараёни, одамларнинг онг-у тафаккуридаги ўзгаришларни акс эттирувчи ҳаётий мақолалар кўпаяётганлигини кўрамиз. Шу билан бирга, тараққиётга тўғаноқ бўлаётган омиллар, ён-атрофимиздаги ижтимоий муаммолар, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, деган тамойилни ҳали-ҳамон хазм қилолмаётган айрим раҳбарларнинг эскича иш услуби рўйи-рост очиб берилаётган танқидий материаллар сони ортиб бормоқда. Айни жараён электрон ОАВда ҳам яққол кўзга ташланаётир. Интернет нашрларининг аудиторияси кенгайяпти. Одамлар ижтимоий тармоқлар орқали жамиятдаги ўзгаришларга фаол муносабат билдирмоқда. Буларнинг барчаси сўз эркинлиги, очиқ-ошкоралик тамойилларининг ҳаётда ўз ифодасини топаётганидан далолат.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимовнинг таъкидлашича, айни пайтда матбуотда ўткир тишли-тирноқли материаллар сонини оширишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Давлатимизнинг бугунги сиёсатига тўсиқ бўлаётган муаммоларни дадиллик билан жамоатчилик эътиборига ҳавола этишимиз керак. Бунинг учун журналистлардан пухта билим, жасорат, янгича ёндашув талаб этилади. Яна бир гапки, ички цензурадан қутула олмаган одам ҳеч қачон катта мавзуларни кўтариб чиқа олмайди. Қолаверса, чет эллик ҳамкасбларнинг иш тажрибасини кузатиб бориш зарур.

“Ҳуррият” газетаси бош муҳаррири Қулман Очилнинг фикрига кўра, матбуотда таҳлил ҳам, танқид ҳам бор. Бироқ чоп этилаётган ҳар бир мақолада ҳам янги фикр кўзга ташланаяпти, деб айта олмаймиз. Ҳозир ҳамкасбларимиз тўпланган катта-кичик давраларда “Газетанинг келажаги борми? Интернет нашрлари унинг ўқувчиларини тортиб олмаяптими?” деган савол тез-тез муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ишонч билан айтаманки, ҳеч бир ОАВ матбуотни ўрнини боса олмайди. Газетанинг оммабоп бўлиши эса, унинг қиёфасини белгиловчи муҳаррири ҳамда таҳририятдаги журналистларга боғлиқ.

Шу ўринда хориж ОАВлари хусусида сўз юритсак. Айтайлик, Хитойда интернет тезлиги бизга нисбатан анча юқори. Электрон нашрлар жуда оммалашган. Шунга қарамай, матбуот ўқувчилари сони сўнгги пайтларда йилига 3 фоизга ортаётганини кузатиш мумкин. Японияда газеталар миллион-миллион ададда босилмоқда. Ҳиндистонда тонгги газеталарнинг мухлислари ортса ортмоқдаки, камайгани йўқ. Хориж фильмларини кузатсангиз, аксарият қаҳрамонлари нонуштани газеталарнинг янги сонини варақлаш билан бошлашади. Интернет таъсири туфайли Буюк Британияда юз йилдан зиёд вақт давомида чоп этиб келинган нуфузли газеталардан бири инқирозга юз тутди. Бироқ орадан уч йил ўтар-ўтмай, ўқувчиларнинг истакларига биноан яна нашр этила бошланди. Бундан кўринадики, матбуотнинг ахборот майдонида ўз ўрнини мустаҳкам сақлаб қолиши унинг савиясига, мавзу-мундарижасига, одамларнинг дилида, тилида турган гапларни ўз саҳифаларида акс эттиришига боғлиқ.

Конференцияда “Ishonch” ва “Ishonch-доверие” газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов нашр ўқувчилари сонининг ортиши одамларни қизиқтираётган, ўйлантираётган масалаларни дадил кўтариб чиқиш билан боғлиқ, деган фикрни билдирди. Хусусан, кўпчиликнинг диққат-эътиборида турган муҳим масалаларга барча босма нашрлар бирдек эътибор қаратса, ижтимоий фикрни шакллантиришда таҳририятларнинг кучлари бирлаштирилса, матбуотнинг жамият ҳаётига таъсири ортиб боради. Ўқувчиларнинг ишончи мустаҳкамланади.

Конференцияда, шунингдек, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети проректори Файзулла Мўминов, “Ўзбекистон овози” газетаси бош муҳаррири Сафар Остонов, “Халқ сўзи” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Жамолиддин Тўхташев, “daryo.uz” интернет нашри раҳбари Алишер Азимов, Журналистлар ижодий уюшмаси Андижон вилояти бўлими раиси Назиржон Саидов ва бошқалар матбуотни чинакам халқ минбарига айлантириш, журналистиканинг таъсир кучини янада ошириш, одамларга холис, ҳаққоний ва тезкор ахборот етказиш, энг муҳими, халқнинг фикрини шакллантириш борасида олдинда турган вазифалар, бу йўлдаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Нурилло НЎЪМОНОВ.