Бугуннинг гапи

ГАЗЕТА ЧИҚАРИШНИ ВАҚТИНЧА ТЎХТАТИШ КЕРАК-МИ?! МУТАХАССИСЛАР КОРОНАВИРУС ҚОҒОЗ МАҲСУЛОТЛАРИДА ТЎРТ КУНГАЧА ЖОН САҚЛАШИНИ ИСБОТЛАШДИ


28.03.2020   2876

Вазирлар Маҳкамаси бугунги қалтис вазиятдан келиб чиқиб жуда тўғри топшириқ берибди. Вазирликлар, марказий ташкилот ва муассасаларнинг ҳужжатларни қоғоз шаклида қабул қилишига чеклов жорий қилибди.

Чунки мутахассислар коронавирус қоғоз маҳсулотларида тўрт кунгача жон сақлашини исботлашди. Шу маънода, ушбу қарор жуда тўғри. Айниқса, қоғозсиз иш битмайдиган бизнинг жамиятда!

Лекин мавзуга доир яна бир масала бор. Қоғоз маҳсулотлари билан муомала қилиш хавфли эканлиги қанчалик кўп гапирилмасин, мамлакатимизда нашр этиладиган юзлаб рўзномалар ҳалиям чиқиб турибди... Бу эътиборсизликми ё талотўпда унутилган жиҳатми?!.

Вазирлигу ташкилотлар қоғоз ҳужжатлардан воз кечаётган экан, унда газеталар нима, антисептик маҳсулотга босиляптими? Бугун ҳам таҳририятларга ўнлаб журналистлар, босмахоналаргаям шу таркиб мутахассислар қатнаб турибди.

Энди савол туғиладики, қоғоз хавфли, деб айтилаётган, бунинг устига, ҳатто катта-кичик шаҳарлар чегаралари ёпилган бир пайтда газета босиш мантиқлими?

Қолаверса, ҳар сонияда вазият ҳам, статистика ҳам ўзгараётган бир шароитда бир суткада тайёр бўладиган газеталарга ахборот воситаси, деб қараб бўладими?.. Мен ҳеч ишонмайманки, шу кунларда “Қани юртимизда ва дунёда вазият қандай экан” деб уйида газета кутиб ўтирган одам борлигига...

Бундан ташқари, почтачи ҳам карантинда. Боз устига, у вирус сақловчи, қўлдан-қўлга ўтган нашрларни кўтариб, яна денг, вирус бўлиши мумкин бўлган хонадонларга бош суқиб, газета тарқатиб юрмайди-ку!

Хуллас, поезд, учоқлар тўхтаган, чегаралар ёпилган шу кунларда юз минглаб нусхада газеталар чиқазилаётгани жуда ғалати ҳолат. Буни ким ўйлайди? Наҳотки, шу масаланиям Президент ёки Бош вазир айтишини кутиб ўтирсак, ҳурматли масъуллар?!

Манба: Газеталар шарҳи/Уйда қолинг! Телеграмм канали.