Ўзбекистон

Газда юрадиган автомобиллар энди...


29.01.2018   239

2018 йилнинг 1 февралидан эътиборан автомобилларда композит қопламали газ баллонлардан фойдаланиш тақиқланади. Бу, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги "Автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари тармоғини ривожлантириш ва автотранспорт воситаларини сиқилган табиий газга босқичли ўтказиш ҳамда уларда газ баллон асбоб-ускуналарини хавфсиз ишлатишни таъминлаш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида кўрсатиб ўтилган.

ЎзА мухбири кўпчиликни ўйлантираётган мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси матбуот хизмати котиби Олимжон Жўраевнинг фикрлари билан қизиқди.

– Тадбиркорлар томонидан юртимизга кўп йиллар давомида чет мамлакатлардан автомобилларга мўлжалланган турли газ баллон ва ускуналари олиб келинган, – дейди О.Жўраев. – Жумладан, Хитойдан усти композит қопламали, халқона айтганда скотчли баллонлар келтирилган. Очиғини айтиш керак, мамлакатимизда аввал бундай баллонларни текшириш ва синаш стандартлари мавжуд эмас эди. Шу боис, бу баллонларга уларни ишлаб чиқарган заводлардан олинган синов натижаси асосида сертификатлар берилган.

Кейинчалик бундай баллонлардан фойдаланишда нохуш ҳодисалар рўй бера бошлади. Маълумотларга қараганда, ўтган вақт давомида 55 композит қопламали газ баллонининг портлаши натижасида 23 фуқаро тан жароҳати олган, 41 юртдошимиз ҳалок бўлган. Афсуски, бу каби аянчли ҳодисаларни кўра-била туриб ҳам юртдошларимиз ҳамон бундай баллонлардан фойдаланиб келмоқда.

Бундай ҳодисаларга мустаҳкамлик даражаси паст бўлган композит қопламали газ баллонлар, баллонларга ортиқча босимда газ қуйиш, металл газ баллонларини навбатдаги техник синовдан ўтказмаслик ёки ўтказилган, деб қалбаки далолатнома расмийлаштиришлар сабаб бўлмоқда.

Тегишли идоралар мутахассислари хулосасига кўра, композит қопламали баллонлар металл қисмининг сифати ва қалинлиги талабга жавоб бермайди.