ЖАМИЯТ

ГАЗ ЖИҲОЗЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШГА БАҒИШЛАНГАН СЕМИНАР


19.08.2021   964

Улуғнор туманида стандарт ва ностандарт газ ёнғичлардан фойдаланиш ҳамда уларнинг истеъмолчилар даромадларига боғлиқ таҳлилларга бағишланган кўргазмали семинар ташкил этилди. Семинарда туман ҳокимлиги, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, фавқулодда вазиятлар бўлими ҳамда ижтимоий соҳа объектлари масъуллари иштирок этдилар.

Дастлаб кўргазмали семинарда 4 комфоркали газ плитаси, стандарт ёнғич ҳамда ностандарт ёнғич ва иситилувчи печъ (халқ тилида “тойчоқ печка”, “анжан печка” аталади)лар қўйилди. Ушбу печларга уланган “ақлли” ҳисобдонлар кўрсатчиклари ёзилди. Ҳамда 10 дақиқага бир вақтни ўзида барча газ жиҳозлари ёқилиб, электрон ҳисоблагичларда табиий газ сарфи ҳисобланди.

10 дақиқа ватқ оралиғида 4 комфоркали газ плитасининг табиий газ сарфи 0.071 м³ бўлиб, ойлик сарфи ҳисоб-китоб қилинганда 306.72 м³ ни ташкил этди ва 1 м³ табиий газ учун тўланадиган 380 сўмга кўпайтирилганда, жами тўлов 116 минг 553 сўмни ташкил қилди. Энди иситиш қозонлари учун мўлжалланган стандарт ёнғичнинг 10 дақиқалик табиий газ сарфи 0.291м³ на ташқил этиб, уни ҳам ойлик сарфи 1257.12 м³ кубни, тўлови эса 477 минг 705 сўмга ҳисобланди. Афсуски, кўпчилик фуқароларимиз ҳозиргача фойдаланиб келадиган ностандарт қўлбола ёнғичнинг 10 дақиқалик газ сарфи 0.584 м³ ҳисобланди. Бир ойлик газ сарфи ҳисобланганда эса 3 689.28 м³ ни ҳамда тўлови эса 1 миллон 401 минг 926 сўмни ташкил қилди. Ана энди фарқ ҳисобланганда, истеъмолчи чўнтагига сал кам 1 миллион сўм иқтисод қилинишини тушуниш у қадар қийин эмас.

“ Туманимиздаги барча хонадонларга “ақлли” газ ҳисоблаш ускуналарини ўрнатиб бўлдик, - дейди, “Ulug‘nortumangaz” газ таъминоти бўлими бошлиғи Акромжон Асқаров. – Эндиги навбат, истеъмолчиларимизга табиий газдан оқилона ва самарали фойдаланишни тарғиб қилишдан иборат. Мана бугунги семинарда асосан МФЙ раисларини таклиф этдикки, улар бугунги кўрганларини юртдошларимизга етказсин, тушунтирсин. Биз ҳам энергиятежамкор газ жиҳозлари қанчалик фойдали эканлиги ҳақидаги тарғиботимизни тўхтатмаймиз. Мавсум якунига қадар, аксарият хонадонларимизнинг стандарт ёнғичлардан фойдаланишларига эришмоғимиз керак. Ўшандагина Юртбошимиз илгари сураётган ислоҳотларнинг чекка-чекка туманларда ҳам ижро бўлаётганлигини кўришимиз мумкин...”

Кўргазмали семинар сўнггида йиғилганлар ўзлари қизиқтирган савол, фикр ва мулоҳазалар билан ўртоқлашдилар. Шунингдек, барчага суюлтирилган газ етказиб беришдаги онлайн тизим ҳамда унинг афзалликлари ҳақида батафсил тушунчалар берилди.

“Hududgaz Andijon”газ таъминоти филиали матбуот хизмати