ЖАМИЯТ

ГАСТРОНОМИК ТУРИЗМ БЛОГЕРЛАР НИГОҲИДА


08.06.2021   823

Бугун ягона ахборот маконига айланган дунёда одамларнинг ўзига ва ўзгаларга берадиган саволлари кўп.Эрталаб уйқудан уйғонибоқ интернетни очамиз.Бирор шов-шувни ўқишимиз билан бошқаларга илинамиз. "Пост", "репост", "лайк", "фейк".... каби IT атамаларининг тезлик билан тилимизга кириб келаётгани ҳам бизни бу маконга мунтазам мурожаат қилишга ундайди.

Масалан, блогер - онлайн-кундалик тутувчи одам дегани. У глобал тармоқдагиYou Тube, Telegram, Instagram, Twitter,ВКонтакте, Facebook ва бошқа каналларнинг доимий равишда янгиликлар қўйиб борадиган фойдаланувчиси. Ер юзида уларнинг сони 2 миллиарддан ошиб кетди. Wikipedia маълумотига кўра, Россия оммавий блогерлар энг кўп мамлакатларрўйхатида 1-ўринда тураркан. АҚШ, Украина, Буюк Британия ҳам олдинги сафларда. Wikipedia ўзбек тилини тушунганида, эҳтимол Ўзбекистон ҳам ушбу рўйхатнинг юқори қаторларидан ўрин олган бўларди.

– Мамлакатимизда маълум бир соҳани атрофлича очиб бераётган блогерлар сони кўпайиб бормоқда, – дейди суҳбатдошимиз асакалик тадбиркор-блогер Исломжон Қодиров. – Ўзига хос бўлган мавзуни танлаш ва мақсадни аниқ белгилаш омад гаровидир. Бунда аудиториянинг қизиқишларини ҳисобга олиш, барча учун тушунарли, содда тилда фикрларни баён этиш муҳим.

2017 йилда Москва шаҳрида бўлдим. Тарихий жойлар бўйича интернетга сўров ташласам, талайгина маълумот чиқди. Шу заҳоти туғилиб ўсган маконим Асака ҳақида қизиқдим. Ишонасизми, бир-икки ўйинга тушган одамларнинг видеосидан бошқа ҳеч нарса тополмадим. Алам қиларкан. Ўшанда Асакани, Андижонни, Ўзбекистонни дунёга танитаман, дея кўнглимга тугдим.

Юртга қайтганимда, ҳамшаҳарим Бахтиёр Фозилжонов билан фикримиз бир жойдан чиқди. Роса бош қотирдик.

– Интернетга кирдингиз, блогерман, деб ижтимоий тармоқлардатом маънода бақириб, бонг ураётганларга дуч келасиз,– дея суҳбатимизга қўшилади Бахтиёр Фозилжонов. – Кимнидир шармандасини чиқараман, дея турли воқеа-ҳодисаларнинг асл моҳиятига етмай, пала-партиш изоҳлар билан енгил-елпи миш-мишлар тарқатишга рўжу қўйганлар кўпайиб кетди. Тўғриси, одамлар бу тариқа чиқишларни кўришдан чарчади.

Андижон азалдан меҳмондўст, дастурхони ҳамиша тўкин, одамларининг сертакаллуфлиги билан тилга тушган.Таомларимизнинг мазасига гап йўқ! Шу боис, юртимизда гастрономик туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшишни мақсад қилдик.

2020 йилнинг 9 май куни интернетда "Зўр таом" каналини ташкил қилган Бахтиёржон билан Исломбек машҳур таомлар сирларини баён этиш баробарида ўша ернинг тарихини, бугунги бунёдкорлик ишлари хусусида ҳам қисқача ахборот беришни бошладилар.

– Марҳаматнинг сомсалариҳақидаги видеолавҳа давомида қадимги Эрши шаҳри, бу элнинг буюклари, урф-одатлари, бугунги кундаги ўзгаришлар, маҳаллалар ҳаёти ҳақида маълумотларимизни жойладик, – дейди Бахтиёржон. – Шаҳрихоннинг ўрдак гўшти, ёрмаси, 14 соат давомида соусда пишадиган балиқ таомини тайёрлаш жараёни ҳақидаги ҳикоямиз қадимги масжид ҳақидагисаёҳат билан якунланди. Шунингдек, Асакадаги бўйин гўшти, Ҳасан сомса, Избоскан шўрваси, Андижоннинг тунги бўрикалла сомсалари, Хонободнинг энг баланд чўққиларидан бирида жойлашган қирғиз ўтовларидаги бешбармоқ, қимиз, шоролар ҳақидаги лавҳаларимизда ҳам бу жиҳатларни эътибордан четда қолдирмасликка ҳаракат қилдик.

Марғилонда Ўрам чойхонаси бор экан. Ишонасизми, битта маҳаллани катта бир чойхона дейсиз. Ҳар бир хонадонда гастрономик туризмнинг ўзига хос жиҳатларини кўрдик. Ҳамирга ўраб пишириладиган таомларнинг сонию саноғига етмайсиз.Яхна гўшт, нўхатлариҳам ўзгача.

Бугун "Зўр таом"нинг обуначилари сони 5 мингтага етди. Қувонарлиси, дунёнинг турли чеккаларида, ҳатто Португалия, Африка, Ямандаяшаётган миллатдошларимизнинг "Ўзбекистонга, водийга саёҳат қилиб, мана шу таомлардан тотгандай бўлдик",деган сўзлари бизни янада кўпроқ изланишга ундаяпти.

Исломбекошпазликнинг этагидан тутган учинчи авлод вакили.Бобоси - Охун ота 1950 йилларда турли таомлари билан элга танилган. Ҳозир ҳам Охун мантининг довруғи тўкилгани йўқ. Набиралар керакли масаллиқларни, сифатни ўзгартирмай тайёрлашга ва бу анъанани шажаранинг келгуси вакилларига ҳам ўргатишга уринишмоқда.

Бахтиёржон "Ўзмоторс" корхонаси тасарруфидаги "Бунёдкор метал монтаж" фирмасида компьютер-дастурчи бўлиб ишлайди. Бўш вақт топди дегунча дўсти Исломбек билан бирга "водийлик санъаткорлар билан суҳбатлашиб, уларнинг жонли ижродаги қўшиқларини яна бир ижтимоий каналлари - Дийдор-радио" орқали қўйиб борадилар. "Бахтию-Бахти" каналида эса янги очилган объектлар, савдо марказлари, у ерда одамлар учун яратилган афзалликлар, бугунги нарху наво борасидаги янгиликлар ўрин олиб келяпти.

Ҳар ишдан бир ҳикмат излаган йигитлар вилоятимизда гастрономик туризм ривожига ҳисса қўшишга астойдил киришган.Уларнинг каналини кўрганлар "Андижонга бир борсам..."деб аҳд қилиши шубҳасиз.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА суҳбатлашди.