Андижон 24

«ГАШИШ» КОНТРАБАНДАСИ


20.07.2018   1832

Гиёҳванд моддаларни олиб кириш каналига барҳам берилди.

Чегаралар очилиб, йиллар давомида дийдорлаша олмаётган қуда-андалар, қавму қариндошлар муроду мақсадларига етмоқдалар. Азалий қардошлик ришталари тикланди ва икки элнинг умумий манфаатига хизмат қиляпти. Афсуски, шундай эмин-эркин замонда яратилган имкониятдан ғаразли ниятда фойдаланувчи кимсалар ҳам бор.

Бундайларнинг нафақат касби-кори, дўсту биродари, балки миллати, ватани ҳам бўлмайди. Боиси қинғир йўллар билан пул топиш, одамларни оғу домига гирифтор қилиб, мижозларни кўпайтириш йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдилар. Давлат хавфсизлик хизмати Андижон вилояти бошқармаси оғуфурушлик билан шуғулланувчи ана шундай жиноий занжир аъзоларини фош этди.

Андижон шаҳри, Бирлик маҳалласида истиқомат қилувчи Алишер Назаров таниши Баходиржон Касимовга 3,68 грамм “гашиш”ни 800 мингсўмгапуллаётганида қўлга олинди. Ушбу гиёҳванд модданинг келиб чиқиши юзасидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида “калаванинг учи” Қирғизистонга бориб тақалиши аниқланди ва уюшган жиноятчилик тўдаси фаолиятига чек қўйилди..

Маълум бўлишича, заҳри қотилни Алишер Назаров Андижон шаҳрида яшовчи Шоҳрух Касимовдан 150 АҚШ долларига сотиб олган. У эса инкор қилиб бўлмас даллилар остида “гашиш”ни Азат Шаятовдан харид қилганини тан олишга мажбур бўлди.

Қирғизистон Республикаси фуқароси Азат Шаятов Ўш вилояти Қара-суу шаҳрида истиқомат қилади. Бахрам исмли шахсдан кўп миқдорда “гашиш” моддасини олиб, Андижонга контрабанда йўли билан ўтказишни ташкил қилган. Бу ишда курьерга Қўрғонтепа тумани Қорасув шаҳрида яшовчи Шерзодбек Фозилов ва Элёрбек Тохировлар яқиндан ёрдам беришган. Тўда аъзолари оғуни Шаҳрихонсой орқали олиб ўтганликлари аниқланди. “Юк”нинг чакана савдосини ташкил қилиш учун Азат Андижонга келиб, синглисининг уйида вақтинча яшаб юрган.

Тезкор тадбирлар давомида Шоҳрух Касимов ва Азат Шаятовдан умумий оғирлиги 0,5 килограмм атрофидаги “гашиш” моддаси далилий ашё сифатида олиб қўйилди. Тўпланган материаллар асосида Давлат хавфсизлик хизмати Андижон вилояти бошқармаси тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилди. Хозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Иззат Отажон