«102» хабарлари

«Гашиш» келтирган ташвиш...


17.02.2018   806

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги жиноят қидирув бош бошқармаси ҳамда Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бошқармалари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир натижасида, Наманган вилояти, Учқўрғон тумани, Янгиобод МФЙ, Озод кўчаси 25-уйда яшовчи Маматқул Жамолдинов Избоскан тумани, Гудур МФЙ, А. Навоий кўчасида Ўткир исмли шахсга «гашиш» гиёҳвандлик моддасини 1000 АҚШ долларига сотаёган вақтида қўлга олинди.

Шунингдек, олиб борилган тезкор тадбир натижасида Маматқул Жамолдинов хонадонидан 197,8 грамм «гашиш» гиёхвандлик моддаси топилди.

Мазкур холат юзасидан Избоскан тумани ИИБ хузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 273-моддасининг 5 қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тегишлилиги бўйича Андижон вилояти ИИБ хузуридаги тергов бошқармасига юборилган.

Маълум бўлишича, Маматқул Жамолдиновга ушбу гиёҳвандлик моддаларини шериги Муҳаммадали Султонов Қиғизистон Республикасига ноқонуний равишда ўтиб, у ердан 870 грамм оғуни олиб келган. «Дори»нинг бир қисмини 1000 долларга Жаҳонгир Маҳкамов исмли шахсга пуллаган. Яна бир қисмини уйида сақлаган холда, 300 грамдан ортиқроғини Ўткир исимли шахсга 4000 доллар эвазига сотиш юзасидан келишиб олган. Маматқул Жамолдинов олди-соттининг дастлабидаёқ 1000 доллар санаб олаётганда қўлга туширилди. Ўз навбатида Жаҳонгир Маҳкамов ёнидан 1000 доллар ва 0.55 грамм «гашиш» топилди.

Ҳозирда Андижон вилояти ИИБ хузуридаги Тергов бошқармаси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Андижон вилояти ИИБ матбуот хизмати.