ЖАМИЯТ

ГАНАЛИКЛАРНИНГ АНДИЖОНДА ТУҒИЛГАН ЭГИЗАК ФАРЗАНДЛАРИГА "МЕТРИКА"ЛАР БЕРИЛДИ


25.12.2020   1296

Гана Республикаси фуқаролари Эммануэл Аквей ҳамда Суссанна Мфумларнинг Андижон шаҳрида туғилган фарзандлари Марвен ва Арвенларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари топширилди.

2020 йил 23 декабр куни Андижон шаҳар фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлимига Гана Республикаси фуқаролари Эммануэл Аквей ҳамда Суссанна Мфумлар Андижон вилоят перинатал марказида ўғил жинсидаги эгизак фарзандларни дунёга келтирганлигини билдириб, уларнинг туғилганлигини қайд этишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Уларнинг мурожаати ФҲДЁ бўлими томонидан тегишли тартибда кўриб чиқилиб, болаларнинг ҳақиқатан Андижон шаҳрида туғилганлиги тасдиқланиб, далолатнома ёзувлари қайд этилган. 24 декабрь куни Давлат хизматлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Маҳмуджон Абдижалиев томонидан хорижлик фуқароларга фарзандлари Марвен ва Арвенларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари топширилган.

“Ўзбекистонга жорий йилнинг март ойларида оилам билан АҚШлик кўнгиллилар орасида ўқувчиларга осон ва самарали йўллари орқали инглиз тилини ўрганишларида кўмаклашиш мақсадида келганмиз. Айни пайтда Андижон шаҳридаги 43-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларга инглиз тилидан сабоқ бераяпмиз. Шу кунга қадар ўнлаб ўқувчиларимиз чет тилини билиш тўғрисидаги сертификатларга эга бўлишди. Жорий йилнинг 28 сентябрь куни турмуш ўртоғим Сусанна фарзандларимизни дунёга келтирди. Бугун уларнинг туғилганлигини қайд этилганлигидан хурсандмиз. Боиси юртимизга қайтганимизда уларни рўйхатга олишда қийинчиликлар вужудга келмайди. Ишимиз осон ҳал бўлганидан хурсандмиз”, - дейди Эммануэл Аквей.

Қайд этиш лозим, жорий йилнинг 27 ноябрь куни Молдовия Республикаси фуқаролари Николай Сарбон ва Анастасия Преидаларнинг 2020 йил15 февраль куни Андижон шаҳрида туғилган фарзанди Василий Преиданинг туғилганлиги ҳам қайд этилган.

Давлат хизматлари агентлиги Андижон
вилояти бошқармаси ахборот хизмати.