Спорт

Ғалаба кучлиларга насиб этди


01.07.2017   12410

20:05. Андижон шаҳридаги “Соғлом авлод” ўйингоҳида бўлиб ўтган қўл жанги бўйича жаҳоннинг кучли профессионаллари иштирокидаги чемпионлар лигаси олдидан бўлиб ўтган концерт дастурида Республикамизнинг эстрада юлдузлари қатнашчиларга кўтаринки кайфият улашди.

Андижон вилояти ҳокими Шухратбек Абдураҳмонов сўзга чиқиб, барчани спорт айёми билан табриклаб, мусобақа иштирокчиларига омад тилади. Мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилган эътибор ва ёшларнинг эришаётган муваффақиятлари ҳақида гапириб, айни кунларда Андижонда ўтказилаётган байрамолди тадбирларига қўл жанги бўйича чемпионлар лигаси ҳам уланаётганлиги қувонарли эканлигини таъкидлади.

Мусобақага кўрилган тайёргарлик ишларининг уюшқоқлик билан олиб борилганлиги ва вилоятда спортнинг ушбу турига қаратилаётган эътибор учун вилоят ҳокимига “Ташаккурнома” тантанали тарзда топширилди.

Тадбирнинг расмий ва бадиий қисми якунига етгач, ниҳоят кутилган дақиқалар етиб келди. Дастлаб, татамига 60 килограмм вазн тоифасидаги спортчилар тушдилар. Уч раунддан иборат жангда фарғоналик Ғиёсиддин Жамолиддинов Тожикистон чемпиони Амирхон Отахоновлар устидан ғолиб чиқди.

Шундан сўнг томошабинлар 70 килограмм вазн тоифасида тошкентлик, жаҳон чемпиони Муҳиддин Мамажонов Россия кубоги соҳиби калининградлик Алексей Ильенко жангинининг гувоҳи бўлдилар. Муросасиз беллашув ўзбекистонлик қўл жанги устаси фойдасига ҳал бўлди.

Терма жамоамиз аъзоси Жамшид Раҳмоналиев россиялик Алексей Волков билан жанг тенг курашлар остида ўтди. 85 килограмм вазн тоифасидаги беллашувда ҳамюртимизнинг қўли устун келди.

Яна бир вакилимиз жаҳон чемпиони Жаҳонгир Жумаев белоруссиялик Дмитрий Родак (75 килограмм)ни биринчи раунддаёқ таслим бўлишга мажбур қилди.

Афсуски, энг оғир вазн тоифасида самарқандлик Илёс Раимов россиялик жаҳон чемпионати совриндори Александр Солдаткинга, 65 килограмм вазн тоифасидаги Ўзбекистон чемпиони, андижонлик Сардор Содиқов белоруссиялик Игор Чемякинга имкониятни бой бердилар.

Ғолиб муносиб рағбатлантирилдилар. Уларга совринларни жаҳон қўл жанги федерациясининг промоутри Владимир Прюнов, Андижон вилоят ҳокими Шухратбек Абдураҳмонов ва бошқалар топширдилар.

Тўлқин Сиддиқ,

Муроджон Тўхтаназаров,

Рустамжон Эшонов,

Жахонгир Содиқжонов,

Зуҳриддин Умирзоқов

AUZ.uz on-line гуруҳи аъзолари.