Андижон 24

ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ИНСТИТУТЛАРИ 1-танловда вилоятга 148 миллион сўм олиб кирдилар


21.06.2019   1337

Бугун Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлинмаси мажлислар залида Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси томонидан “Андижон вилоятида фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини янада ошириш” мавзусида семинар ўтказилди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссияси билан ҳамкорликда ташкил этилган бу тадбирда ННТлар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Парламент комиссияси аъзоси А. Тўхтабоев, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи А.Султонов, вилоят адлия бошқармаси диний ва жамоат ташкилотлари билан ишлаш бўлими бошлиғи Х.Мақсудов, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари С.Мамитова ислоҳотлар жараёнида ҳамда Давлат дастурлари ижросида ННТларнинг ўрни мустаҳкамланиб бораётганини мисоллар билан эътироф этдилар.

Жамоат фонди томонидан ўтказилган 1-танловда “Ғалаба” газетаси, “Diydor FM” радиоси таҳририятлари, Ўзбекистон сартарошлар ассоциациясининг, “Penchak Silat” федерациясининг, Таэквондо (WTF) ассоциациясининг вилоят бўлимлари тавсия этган ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар маъқулланди ҳамда умумий қийматда 148 миллион сўмга молиялаштирилди.

Тадбир давомида иштирокчиларга давлат гранти 2-, 3-танловлари мавзулари ва асосий йўналишлари ва бошқа ташкилий масалалар юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.

Фарҳодбек Атаханов.