ЖАМИЯТ

ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИНИ КЎРИШ СОДДАЛАШТИРИЛМОҚДА: БУНИНГ АФЗАЛЛИГИ НИМАДА?


21.09.2021   1509

Жамият ривожланиши билан фуқароларнинг турмуш тарзи, ижтимоий-иқтисодий фаоллиги ҳамда ҳаётий эҳтиёжлари ўсиб бориши баробарида жисмоний ва юридик шахслар ўртасидаги турли муносабатларни суд орқали ҳал этиш зарурати ҳам ортиб боради. Шу сабабли жисмоний ва юридик шахслар турли масалалар юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларга кўп мурожаат қиладилар.

Судлар зиммасига халқни рози қилишдек олий мақсад ва вазифалар қўйилган экан, суд фаолияти халқнинг муаммоларини қисқа муддатда, ижобий ва самарали ҳал қилишга қаратилиши муҳимдир.

Суд жараёнларининг мураккаб ва узоқ муддат давом этиши иқтисодий ночор ҳолдаги шахслар учун ноқулайликлар туғдириши эҳтимоли ишларни кўришни бирмунча соддалаштириш заруратини тақозо этади. Зотан, ҳар бир шахс амалда суд ҳимоясидан фойдалана олиши даркор. Янги тартиб-таомиллар асосида фуқаролик ишларини кўришнинг соддалаштирилиши бу борада муҳим ижобий қадам бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йил 16 сентябр куни “Судга мурожаат қилиш учун янада қулай шароитлар яратилиши ва фуқаролик процессига соддалаштирилган иш юритиш тартиби жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”гиқонун имзоланди.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига “Соддалаштирилган тартибда иш юритиш” деб номланган янги251-боб ва 2791-2795-моддалар киритилди.

Эндиликда судга берилаётган даъвонинг баҳоси(қиймати) камроқ бўлган ишлар соддалаштирилган тартибда кўрилади.

Бунинг учун даъвонинг баҳоси жавобгар юридик шахс бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан, якка тартибдаги тадбиркор бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан, жисмоний шахс бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан ошмаслиги лозим.

Бироқ даъво талаби миқдори юқоридагилардан кўп бўлган ҳолларда ҳам, агар даъвогарнинг аризаси ва жавобгарнинг розилиги бўлса, соддалаштирилган тартибда кўрилиши мумкин.

Агар давлат сири, тижорат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишига олиб келса; қўшимча ҳолатларни аниқлаш ва қўшимча далилларни текшириш, кўздан кечириш, экспертиза тайинлаш, гувоҳларни сўроқ қилиш зарур бўлса;даъво талаби бошқа талаблар билан боғлиқ ва учинчи (даъвогар ва жавобгардан бошқа) шахсларга тааллуқли бўлса ёки суд қарори учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузиши мумкин бўлса; жавобгар томонидан соддалаштирилган тартибда кўрилиши мумкин бўлмаган қарши даъво берилган бўлса, иш соддалаштирилган тартибда кўрилмайди.

Хўш, соддалаштирилган тартибда иш юритишнинг аҳамияти нимада?

Бунинг биринчи навбатдаги афзаллиги шуки, ишлар қисқа муддатда, яъни иш қўзғатилган кундан бошлаб, йигирма кундан ошмаган муддатда кўриб тамомланади. Ушбу муддат судья томонидан узайтирилмайди.

Бу билан тарафларнинг суд ишларига сарфлайдиган вақти тежалади, ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинади.

Иш судья томонидан якка тартибда, яъни суд мажлиси ўтказилмасдан кўриб чиқилади. Даъвогар ва жавобгар суд мажлисига бориш билан боғлиқ транспорт ва бошқа харажатлардан, суд процессини кутиш билан боғлиқ ноқулайликлардан халос бўлади.

Жавобгарга даъво ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар нусхалари дарҳол юборилади ва даъво юзасидан ўзининг ёзма фикрини судга юбориш имконияти таъминланади.

Бундай ишлар юзасидан суднинг ҳал қилув қарорига 10 кун муддат ичида апелляция шикояти (протест) берилиши мумкин. Агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, суд қарори қабул қилинганидан кейин 10 кун ичида қонуний кучга киради.

Хулоса қилиб айтганда, бундай тартибнинг жорий этилиши судьяларнинг мураккаб бўлмаган ишларни тезкор кўриши, мураккаб тоифадаги ишларга эса кўпроқ вақт ажратиши, ишларни сифатли кўриши ҳамда ҳар томонлама асосли, қонуний ва адолатли қарор қабул қилишига замин яратади.

Акмалжон АЛИЖОНОВ,

Андижон вилояти суди фуқаролик ишлари

бўйича судлов ҳайъати судьяси