ЖАМИЯТ

ФУҚАРО МУҲОФАЗАСИ ШАРТЛИ ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТ


29.11.2018   1790

Жорий йилнинг 20-22 ноябрь кунлари Марҳамат туманида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири – Фуқаро муҳофазаси бошлиғи ҳамда вилоят ҳокими – Фуқаро муҳофазаси бошлиғининг "Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича 2017 йилда бажарилган тадбирлар якуни ва 2018 йилдаги вазифалар тўғрисида"ги буйруқлари ижросини таъминлаш, табиий ва техноген хусусиятли вазиятлардан муҳофаза қилиш, бошқарув органлари, аҳоли, ишчи-хизматчиларни тўғри ҳаракатланишга ўргатиш мақсадида қўмондонлик-штаб ўқув машғулоти ўтказилди.

Уч кун давом этган машғулот аввалида вилоят ҳокими – Фуқаро муҳофазаси бошлиғининг ҳаракатдаги бошқарув масканига туманнинг фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизими хизматлари ва тегишли корхона, ташкилот раҳбар-ходимлари йиғилдилар. Иштирокчиларнинг шартли фавқулодда вазият юзасидан берилган тезкор тактик вазифани бажариш бўйича таклиф, тавсия ҳамда ахборотлари тингланди.

Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўйингоҳида туман йиғма командасининг саф кўриги ўтказилди. Унда механизациялашган йиғма команданинг жами 19 та гуруҳи, 126 нафар шахсий таркиби ҳамда 27 та махсус, муҳандислик ва транспорт техникалари жамланди.

Ўқчи пахта тозалаш заводи, "Марҳамат метангаз сервис" масъулияти чекланган жамияти, "Марҳамат текстил" қўшма корхонаси, "Полвонтош нефть газ қудуқ таъмирлаш" масъулияти чекланган жамиятларида махсус-тактик ўқув машқлари бўлиб ўтди.

– Ҳар йили 4 та туманда мана шундай ўқувмашғулотларида, Андижон фаол сейсмик ҳудудда жойлашгани учун зилзила табиий офат сифатида мавзу қилиб олинади, – дейди вилоят фавқулодда вазиятларбошқармаси бўлинма бошлиғи Назиржон Раззоқов. – Сел, сув тошқини, ёнғинда ҳаракатланишмашқлари қўшиб ўтилади.

27-умумий ўрта таълим мактабида ёш қутқарувчиларнинг фаолияти, очиқ дарслар, ўқувчиларнинг ҳаракатлари кўриги бўлди. Ободонлаштириш бошқармасида жароҳатланиш билан боғлиқ вазиятларнинг олдини олиш, туман тиббиёт бирлашмаси марказий поликлиникаси ва шошилинч тиббий ёрдам бўлимида ботулизм касаллиги юзага келганда бартараф этиш тадбирлари, кўргазмали ўқув семинарлари ўтказилди.

Касб-ҳунар коллежларида "Фуқаро муҳофазаси куни" кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, Гулистон маҳалла фуқаролар йиғинида табиий ва ис газидан заҳарланишсодир бўлганида хизматларнинг ҳамкорликдаги ҳаракати ўрганилди.

Полвонтош қир-адирликларида жойлашган Марказий маҳалла фуқаролар йиғинида сел, сув тошқини билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар юзага келганида аҳолини хавфсиз ҳудудга кўчириш тадбирлари бўлиб ўтди.

Ўқув машғулотларида Андижон машинасозлик институтининг бир гуруҳ талабалари иштирок этиб, назарий билимларини амалиётда мустаҳкамладилар.

М. ТЎХТАНАЗАРОВ.