Андижон 24

ФОРУМ МЕҲМОНЛАРИ АНДИЖОНДА


20.05.2021   3075

Шу йил 20-22 май кунлари Андижон вилоятида республика Ёшлар форуми ўтказилиши ҳақида сайтимиз орқали хабар берган эдик.

Бугун тушдан сўнг пойтахт ҳамда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан айни тадбирга таклиф этилган иштирокчилар етиб келишди.

Турли соҳаларда катта муваффақиятларга эришган, илм-маърифат, адабиёт, санъат, касб-ҳунар, спорт соҳаларида қўлга киритган ютуқ ва марралари билан тенгдошларига ибрат бўлаётган форум меҳмонлари давлат ва жамоатчилик вакиллари ҳамда ёшлар томонидан тантанали тарзда кутиб олинди.

Меҳмонлар шарафига Андижоннинг рамзий остонаси – темирйўл вокзалида миллий ва шўх куй-қўшиқлар янгради.

Тадбир қатнашчилари буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ёдига ҳурмат рамзи сифатида шоҳ ва шоир ҳайкали жойлашган майдонга қадам ранжида қилиб, унинг улуғвор ҳайкали пойига гуллар қўйдилар. Шундан сўнг гуруҳларга бўлинган ҳолда ўзлари бириктирилган ҳудудларга йўл олишди.

Эслатиб ўтамиз, вилоятнинг барча ёшларини қамраб олиши режалаштирилган нуфузли форум уч кун давомида 64 та сектор ҳудудида очиқ майдонларда юксак савияда, кўтаринки руҳда, карантин қоидаларига риоя этган ҳолда ўтказилиши кўзда тутилган.

«auz.uz» online гуруҳи.