ЖАМИЯТ

ФҲДЁ: ФАҚАТГИНА КЕЧИКТИРИБ БЎЛМАЙДИГАН ҲОЛАТЛАР ҚАЙД ЭТИЛМОҚДА


07.04.2020   1998

Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олишбўйича Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ шу йилнинг 23 мартидан бошлаб тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар ва маърака ва маросим сингари оммавий тадбирлар ўтказиш бекор қилинди. Ушбу маросимлар зарур бўлган тақдирдагина ихчам ҳолда 10-15 киши иштирокида ўтказиш тавсия этилди. Хўш, никоҳдан ўтмоқчи бўлган фуқаролар онлайн тарзда ариза топширса бўладими?

Бу саволга Андижон шаҳри ФҲДЁ бўлими мудираси Инобатхон Джалилова жавоб беради:

- Пандемияга қарши кучайтирилган тартиб жорий этилиши муносабати билан ФҲДЁ бўлимларида никоҳ ёки ажримларни қайд этиш, архив ишлари бўйича ҳаракатлар тўхтатилган. Фақатгина кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлардагина, яъни туғилиш ва ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувларини қайд қилиш амалга ошириляпти.

Шунингдек, ушбу масалада фуқаролар ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн мурожаат этишлари ҳам мумкин.

Ҳали чиройли кунларимиз, тўю тантаналаримиз олдинда. Биз ана шу кунларга омон ва беталофат етиш учун белгиланган тартибларни бузмаслик, тўп-тўп бўлиб йиғилмаслик, ижтимоий масофани сақлаш, энг тўғри йўл - уйида бўлиш барчамизнинг зиммамизга тушиб турибди. Ана шу оддий қоидаларга риоя қилиш орқали ўзимизни, атрофимиздагиларни, оламни кўзга кўринмас балодан асраб қоламиз.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА тайёрлади.