ЖАМИЯТ

ФИРИБГАРЛАРДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!


15.06.2019   1075

Сўнгги пайтларда юз бераётган жиноятларнинг асосий қисмини фирибгарлик, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш каби жиноятлар эгалламоқда. Минг афсуски содда ва ишонувчан халқимиз фирибгарларнинг гапларига дарров чув тушиб, алданиб қолмоқдалар.

Фирибгарлик, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқини қўлга киритишдир.

Демак, ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини юқорида кўрсатилган икки усулни қўллаб, текин қўлга киритган, 16 ёшга тўлган ақли расо ҳар қандай шахс фирибгарлик жиноятини содир этган шахс сифатида ҳуқуқни мухофаза қилувчи идоралар томонидан жиноий таъқибга учраши мумкин.

Бунда, жиноят иши қўзғатиш учун асос бўлувчи зарар суммаси оз миқдордан, яъни энг кам ойлик иш ҳақининг 30 баробаридан кўп бўлиши керак. Бугунги кунда бу 6 миллион сўмдар ортиқ миқдорни ташкил этади.

Агар фирибгардан жисмоний шахс жабрланган бўлса, жиноят иши қўзғатиш учун талон-торож қилинган мулк суммаси аҳамиятга эга эмас.

Энди алдаш ва ишончни суистеъмол қилиш тушунчаларига келсак.

Алдаш деганда айбдор томонидан жабрланувчининг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқларини қўлга киритиш мақсадида ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлардан фойдаланиш ёки мулк эгаси билиши лозим бўлган ҳақиқий фактларни яшириш тушунилади. Масалан, айбдор автосалонда ишламаса-да, машина олиб беришни ваъда беради, жабрланувчини ўзининг гапларига ишонтириш мақсадида сохта шартнома ёки бошқа ҳужжатларни кўрсатади.

Ишончни суиистеъмол қилиш — айбдорнинг мулк эгаси билан ўртасидаги ишончли муносабатларидан ғаразли мақсадларда фойдаланишдир. Ишончга турли ҳолатлар, масалан, айбдор шахснинг хизмат мавқеи ёки унинг шахсий ёки қариндошлик муносабатлари сабаб бўлиши мумкин. Масалан, қўшнисини меҳнат миграцияси билан шуғулланувчи ташкилотда ишлашини билган фуқаро чет элга ишга юборишга ёрдам сўраб мурожаат қилади. Гарчи қўшнисида бундай ваколат бўлмаса-да, у ишончни суиистеъмол қилиб, чет элга юбора олишини айтиб, унинг пул маблағларини қўлга киритади.

Шу сабабли юртдошларимиздан ўзига эҳтиёт бўлиб, ҳар кимга ҳам ишонмасликларини сўраб қоламиз!

Ш. Қосимов,

Булоқбоши тумани ИИБ

ҳузуридаги тергов бўлинмаси

бошлиғи вазифасини бажарувчи, капитан.