Андижон 24

Фермерларга яна бир имконият


19.04.2018   1516

Балиқчи туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 февраль кунги "Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорининг мазмун-моҳиятига бағишланган ўқув семинар бўлиб ўтди. Унда Балиқчи, Бўз ҳамда Улуғнор туманларида фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликларининг раҳбарлари иштирок этдилар.

Шу кунларда мазкур қарорлардан кўзланган мақсад, унинг аграр тармоқнинг ривожланишидаги аҳамияти, пахта ва ғалла етиштиришнинг янги молиялаштириш тизими юзасидан жойларда қатор тадбирлар ташкилқилинмоқда. Вилоят прокуратураси ва молия бош бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилаётган семинарларда фермерлар учун яратилаётган имкониятлар батафсил тушунтирилмоқда. Балиқчида ўтган семинарда вилоят прокурорининг ўринбосари Камолиддин Йўлбарсов қарорларнинг ҳуқуқий асослари ҳақида, молия бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Иқболжон Матрўзиев унинг ишлаш механизми борасида гапирдилар.

Яратилаётган бу имконият ва имтиёзлар фермер хўжаликларини ривожланиши, янги имкониятларни ишга солиши, ишчи ўринлари барпо этиб, сифатли маҳсулот етиштириши ва даромадларининг ортиб боришига хизмат қилади. Янгилик фермер хўжаликлари раҳбарларини ҳам кайфиятига кайфият қўшиб, янада куч ғайрат билан ишлашга ундамоқда.

Ўқув семинарда фермер хўжаликлари раҳбарлари мутахассисларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Ташкилотчилар мавзу юзасидан берилган саволларга атрофлича жавоб қайтардилар. Қизғин тарзда ўтган ва савол жавобларга бой бўлган семинардан иштирокчилар келгусидаги фаолиятларига доир кўплаб янги ва фойдали маълумотга эга бўлдилар.

Бундай тадбирлар вилоятимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилмоқда.

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ.