Ўзбекистон

Фарзандингизнинг исми Мадинами ё Азизбек?


18.01.2018   258

Буни сиздан сўрашимиз бежизмас. Якунланган йилда мазкур исмларни чақалоқларга қўйиш, замонавий қўшиқчилик тили билан айтганда, Ўзбекистонда “хит”га айланган.

Адлия вазирлиги ўзининг Telegram-каналида 2017 йилда Ўзбекистонда рўйхатга олинган туғилишлар ҳақидаги маълумотларни тақдим этаркан, бунга алоҳида урғу берган.

Маълумотларга кўра, якунланган йилда республикада 722094 туғилиш рўйхатга олинган. Бу, 2016 йилга нисбатан 10490 та ёки 1,4 фоизга камдир. Янги туғилган гўдакларнинг 375192 нафари ўғил бўлиб, уларнинг 5674 нафарига Азизбек исми қўйилган. Ўғил болалар Қашқадарё вилоятида (3395 та ёки 9,4 фоиз) кўпроқ туғилган.Йилнинг энг узун бўйли гўдаги ўғил болалар орасида дунёга келди - 70 см.

Қиз болалар сони 346894 нафардан иборат бўлиб, уларнинг 5678 нафарига ота-оналари Мадина исмини қўйишни маъқул кўришган. Йилнинг энг оғир чақалоғи қиз бола бўлиб, вазни 9870 граммни ташкил қилди.

Энг кўп туғилиш вилоятлар кесимида Самарқандда (89637 нафар, яъни умумий миқдорнинг 12,4 фоизи), шаҳарлар бўйича эса Наманганда (14992 ёки 2 фоиз) кузатилган.