ФАРОВОН ВА ТИНЧ ҲАЁТ КУШАНДАСИ
20.04.2018 1619
Диний экстремизм ёки терроризм. Қабиҳ ниятли бу гуруҳ ва гуруҳчалар аъзоларининг асл мақсади бугун барча учун маълум: улар инсоният душмани, тинч фаровон турмушнинг кушандаси, бунёдкорлик, ободонликни емирувчи иллат. Ҳа, бу хунрез кучлар ўзининг ана шундай таърифларга нечоғлик муносиб эканликларини аллақачон исботлаб қўйганлар.
Хўш, шундай экан. Улар ўзларининг сафини қандай қилиб янгидан-янги шахслар, тўғрироғи, ҳар бир буйруғига сўзсиз бўйсунадиган манқуртсифат малайлар билан тўлдириб боряптилар? Улар бундай инсонларни ўз сафига қандай йўллар билан жалб этяптилар? Айтиш жоизки, улар ўзларига асосан ғўр, сода ёшларни, ишонувчан кишиларни жалб этмоқдаларки, турли хил алдов ёки баландпарвоз ваъдаларга учган айрим фуқаролар ўзлари билиб-билмай ана шундай кучлар тузоғига тушиб қолмоқда. Узоғи билан олти ой, бир йил ғараз ниятли чаламуллалар қўлида таҳсил олган кимсалар қисқа давр ичида ўзларини мукаммал, комил инсон сифатида кўриб, «устозларининг» ёлғон ғояларига алданиб, Ватанга, ҳаттоки ўз ота-онасига тиғкўтариш даражасигача етиб бормоқдаларки, бундай кимсаларни инсон деб аташга ўйланиб ҳоласан киши.
Албатта, ўз фикр ва соғлом дунёқарашига эга бўлган, келажакка теран кўз билан боқадиган, атрофида бўлаётган воқеа-ҳодисаларни тўғри англаб, уларни тўғри таҳлил қила биладиган кишилар уларнинг найрангларига алданмайди. Шу боис ҳам терроризмга қарши курашда жойларда, маҳалла ва бошқа жамоат ташкилотларида аҳоли билан ўтказилидиган ҳуқуқий, маънавий-маърифий тадбирларнинг, тушунтириш, тарғибот ишларининг аҳамияти катта.
Яқинда Андижон шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмларнинг бирида ўтказилган тадбир ҳам шу мақсада ташкил этилди.
Ҳарбийлар ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идора ходимлари қатнашган йиғилишда диний экстремизм, унинг келиб чиқиш тарихи, улар кўзлаган ғаразли мақсад ва ниятлари, бундай ғояларга қарши курашда ҳуқуқий билим, ҳарбий тартиб-интизом, сергаклик ва огоҳликнинг аҳамияти тўғрисидаги фикрлар илгари сурилди. Йиғилишда мутахассислар томонидан мавзуга оид маърузалар қилиниб, иштирокчилар ҳам ўз фикр-мулоҳалари билан қатнашдилар. Йиғилиш савол-жаобларга бой бўлди.
Ж. Фозилов