Бугуннинг гапи

ФАРҒОНАДА ВОДИЙ ЖУРНАЛИСТЛАРИ УЧУН ТРЕНИНГ ЎТКАЗИЛДИ


26.07.2019   135

Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳрида водийлик журналист ва блогерлар учун «Ўзбекистонда журналистика соҳасида халқаро этика стандартларини илгари суриш» лойиҳаси доирасида тренинг дарслари ўтказилди. Бу ҳақда “auz.uz” мухбири хабар бермоқда.

“Юксалиш” умумиллий ҳаракати ҳамда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тренингнинг асосий мақсади ҳудудларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг холисона ёритилишини таъминлаш учун миллий оммавий ахборот воситалари ходимларининг таҳлилий журналистика ва касб этикаси борасидаги салоҳиятини оширишдан иборат бўлди.

Тренингда бугунги кунда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситаларининг аксариятида чоп этилаётган материалларнинг асосий қисмини ахборот ва ҳисоботлар эгаллаганлиги, таҳлилий материалларнинг кескин камайганлиги қайд этилди.

Блогер, таржимон, собиқ дипломат, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, PhD Беруний Алимов ҳамда таниқли блогер, “davletov.uz” телеграм канали адмнистратори Қобил Хидировлар тренинг давомидатаҳлилий материаллар тайёрлашда очиқ ва ёпиқ манбалар билан ишлаш усуллари, мавзуларини аниқлаштириш, медиарежалар ўстида ишлаш каби йўналишлар бўйича ўз тажрибалари ва хулосалари билан тақдимотлар кўмагида ўртоқлашишди.

— Бугун юртимизда журналистлар ва блогерлар асосан ахборот тарқатиш билан кифояланиб қолишаяпти, — дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети доценти, семинар тренери Беруний Алимов. — Бироқ жамоатчилик воқеа ва ҳодисалар ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишни истайди. Шунинг учун ҳам энди ахборот етказишда «Нима?», «Қачон?», «Қаерда?» саволларига жавоб топишнинг ўзи камлик қилади. Уларнинг ортидан «Нега?», «Қандай қилиб?», «Нима сабабдан?» сингари янги саволлар ҳам туғиладики, журналист уларга жавоб бериш учун астойдил изланиши лозим.

Тренинг давомида жорий йил 17 июль куни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг IV конференциясида қабул қилинган Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодексини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди.

Шунингдек иштирокчилар лойиҳа доирасида келгусида жамиятда мавжуд муаммо ва камчиликларни очиб берадиган, уни бартараф этишга хизмат қиладиган таҳлилий материаллар медиа-режалари билан ўртоқлашдилар.

Интерфаол ўйинлар, баҳс-мунозара, амалий машғулот, тақдимот, гуруҳларда ишлаш тарзида ўтган тренинг якунида иштирокчиларга сертификатлар ҳамда ҳаракатнинг аъзолик гувоҳномалари топширилди.