ЖАМИЯТ

ФАҚАТ ҲУКМ ЧИҚАРИШ БИЛАНГИНА МАҚСАДГА ЭРИШИБ БЎЛМАЙДИ


26.12.2019   910

Суд раиси сифатида “Хўжалик соҳасидаги жиноятлар ва уларнинг олдини олиш чоралари” мавзусида мулоқот ўтказишга тўғри келди. Даврада зиёлилар, тадбиркорлар ва ёшлар бор эди. Ишбилармон сифатида анчайин обрўга эга бўлиб қолган бир йигит:

– Умумий ишимизга ҳалақит бераётган одамларни жазолаяпмиз. Бу кўпчиликка маъқул, албатта. Аммо уларни тарбиялаш, керак бўлса қайта тарбиялаш учун нима қилиш зарур, деб сўраб қолди.

Ниҳоятда ўринли савол. Бугун одамларимизда ҳуқуқий онг юксалиб боряпти. Кейинги салкам уч йил ичида Хонобод шаҳрининг ўзида 61 та давра суҳбати ўтказдик. Уларда долзарб масалалар ўртага ташланди. Бир жиҳатга алоҳида эътибор бериш керак: фуқаролар ҳозир жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича нима қилиш керак, деган саволни кўндаланг қўйишяпти. Демак ҳушёрлик, огоҳлик, деб бежиз бонг урмаётган эканмиз.

Тадбиркор ўз мулкини, субъектини, оддий кишилар эса хонадонларини ҳамиша тинч шароитда кўришни истайдилар. Амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида ҳам айнан ҳамма соҳада қонунийликни таъминлаш талаби қўйилди. Жорий йилнинг 11 ойида биз 43 та жиноят ишини сайёр суд мажлисларида кўриб чиқдик. Ошкоралик деган тамойил юзага чиқяпти. Айбдорни энди фақат жиноий ишга алоқадор шахслар, ҳуқуқ-тартибот тизими вакиллари доирасидагина эмас, маҳалла, элу юрт олдида муҳокама қилиш азалий қадриятларимизга хосдир. Шаҳримизда ўтказилган суд-ҳуқуқ масалаларига доир илмий-амалий конференцияда ҳам бу яққол намоён бўлди.

Мақсад – бирон бир шахс ёки жиноий гуруҳ устидан ҳукм чиқариш билангина чекланиб қолмасдан, ҳаётимизга доғ туширадиган иллатларнинг илдизини топиш, уларнинг пайини қирқишга қаратилар экан, бундан халқ рози бўлади, албатта.

Умаржон МИРЗААБДУЛЛАЕВ,

Жиноят ишлари бўйича

Хонобод шаҳар суди раиси.