Спорт

Фахрли иккинчи ўрин андижонликларда


28.05.2017   1435

25-27 май кунлари Жиззах шаҳрида академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчиларининг навбатдаги «Баркамол авлод – 2017» спорт ўйинлари бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган 898 ўқувчи спортнинг 17 тури бўйича иштирок этди. Спортчилар 193 олтин, 193 кумуш ва 214 бронза медали учун баҳс олиб борди. Андижон вилояти шарафини 82 нафар йигит-қиз муносиб ҳимоя қилди. Умумжамоа ҳисобида 188 очко жамғариб, вакилларимиз якунда фахрли иккинчи ўринни эгалладилар. Биринчи ўрин (248 очко) Тошкент шаҳри жамоасига насиб этган бўлса, учинчи ўринни (180 очко) самарқандлик ўқувчилар банд этдилар.

-Жамоамиз муваффақиятига айниқса, кичик ракетка усталари (1-ўрин), волейболчи қизлар (2-ўрин) ва ўсмирлар (3-ўрин), боксчилар (2-ўрин), бадминтончи қизлар (2-ўрин) ва ўғил болалар (3-ўрин) муносиб ҳисса қўшдилар,-дейди Андижон вилояти ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Фурқатбек Бузруков. - Сузиш тури бўйича ҳам пойтахтликлардан сўнг иккинчи кўрсаткич қайд этилди.

Тарихга назар ташласак, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Баркамол авлод” спорт ўйинлари дастлаб 2001 йилда Жиззах вилоятида ўтказилган эди. Шундан сўнг Андижон (2003), Чирчиқ (2005), Нукус (2008), Термиз (2011) ва Наманган (2014) шаҳарларида ёшлик байрамининг финал босқичлари ўтказилди. Андижонимиз вакиллари икки марта финал босқичларининг ғолиби бўлганлар.

Тошкент шаҳри жамоаси бош мукофот – Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Баркамол авлод – 2017» спорт ўйинлари қатнашчиларига табригининг асл нусхаси ва Президент совғаси – "Damas" автомобили билан тақдирланди. Умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллаган Андижон вилояти ва учинчи поғонадан жой олган Самарқанд вилояти жамоаларига Президент совғаси – "Damas" автомобиллари топширилди.

Баркамол авлод спорт ўйинлари навбатдаги финал мусобақасига Қашқадарё вилояти мезбонлик қилади.