Андижон 24

ЭЪЗОЗИМИЗДАСИЗ, АЗИЗ НУРОНИЙЛАР


05.10.2019   2444

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1990 йил 14 декабрдаги резолюцияси билан 1 октябрь – “Халқаро кексалар куни” деб эълон қилинган. Ушбу санани Ўзбекистонда ҳам кенг нишонлаш мақсадида октябрь ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” этиб белгиланди. Кексаларга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос эзгу фазилатлардан.

Андижон вилоятида “Эъзозимиздасиз, азиз нуронийлар” шиори остида ўтказилган кексаларни шарафлаш тадбирида бу яна бир бор ўз ифодасини топди.

Вилоятнинг турли ҳудудларидан таклиф этилган 200 чоғли пиру-бадавлатларимиз Андижон шаҳридаги “Нуронийлар маскани” олдига териб қўйилган энг сўнгги русмдаги юмшоқ автобуслар ўриндиқларига жойлашиб олишгач, шимол тарафга сафарга отландилар. Вилоят марказидан махсус автомашиналар кузатувида Булоқбоши-Хўжаобод-Жалақудуқ-Қўрғонтепа-Қорасув-Хонобод йўналишидаги саёҳат давомида нуронийлар янгиланаётган Ўзбекистоннинг Бобурий заминдаги амалий ифодасига гувоҳ бўлдилар.

Дарҳақиқат, биргина жорий йилда вилоятимизда бир триллион 720 миллиард сўм ҳажмидаги қурилиш-монтаж ишлари бажарилмоқда. Мустақиллик арафасида умумий қиймати 1 триллион 125 миллиард сўм бўлган 225 та ижтимоий соҳа, маиший хизмат кўрсатиш объектлари, ишлаб чиқариш корхоналари фойдаланишга топширилиб, қарийб 5 мингта янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, жорий йилга мўлжалланган намунавий лойиҳалар асосидаги 1550 та арзон уй-жойлар, 14 та кўпқаватли уйларнинг аксарияти фойдаланишга топширилди.

Бунинг замиридаги матонат ва шижоатнинг асл баҳосини автобусдаги кекса суҳбатдошлар яхши англайдилар. Зеро, улар турли йилларда туман, вилоят, республика даражасидаги масъулиятли лавозимларда халқ хизматида бўлган инсонлардир.

-Истиқлолга эришгач, чорак аср давомида Андижонда давлат ҳисобидан бирорта кўпқаватли уй қурилмаган эди, - дейди меҳнат фахрийси Абдуваҳоб Нурматов. – Шу сабабли биргина вилоят марказида уй-жой шароитини яхшилашга мухтож фуқаролар 30 мингдан ортиб кетган эди. Бугун нафақат шаҳарда, балки барча туманларда тўрт қаватли замонавий уйлар қад ростламоқда. Вилоят марказида 16 қаватли уйлар қурилаётган бўлса, бунёдкорлик адирликларга ҳам кўчди.

Саёҳатга чиққан фахрийлар Андижонда ягона бўлган Ҳайвонот боғини кўздан кечирар эканлар, дунё ажойиботларини томоша қилаётган кичкинтойларнинг завқ-шавқидан юзларига табассум югурди. Айтиш мумкинки, Хонободгача бўлган 70 километрнинг ҳар чақиримида янгиланиш, юксалишга юз тутаётган Андижоннинг бугунги қиёфаси гавдаланди.

Нуронийларни карнай-сурнай садолари остида, гуллар билан Хонобод аҳли шаҳар ҳокими бошчилигида кутиб олидилар. Шундан сўнг улар бир пиёла чойга таклиф этилиб, даврада Хонободнинг ўтмиши ва бугунги таровати хусусида фикр-мулоҳазалар юритдилар.

«auz.uz» online гуруҳи.