Сайлов - 2021

ЕВРОПАДА ХАВФСИЗЛИК ВА ҲАМКОРЛИК ТАШКИЛОТИ КУЗАТУВЧИЛАРИ ОКРУГ САЙЛОВ КОМИССИЯСИДА


30.09.2021   1289

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 2-Андижон округ сайлов комиссиясида Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқларибўйича бюроси (ДИИҲБ)нинг узоқ муддатли кузатувчилари Жессика Нэш ҳамда Александр Биат билан учрашув бўлиб ўтди.

Кузатувчилар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 2-Андижон округ сайлов комиссиясининг раиси Комилжон Комилов билан учрашди. Унда кузатувчилар миссия сайловни баҳолашда ЕХҲТ мажбуриятларига, демократик сайлов ўтказишнинг халқаро стандартлари ва талабларига ҳамда миллий қонунчиликка таянишини таъкидлади.

Кузатувчилар сайлов жараёнида бўлиб ўтадиган тадбирларни, сайлов маъмурияти ва мутасадди ташкилотлар фаолиятини, қонунчиликка риоя қилинишини кузатади ва сайловга тайёргарлик, сайлов кунги тадбирларнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилишини мониторинг қилади.

Хорижий кузатувчиларга округ ва участка сайлов комиссияларининг фаолияти, Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти тадбирлари, уларга қонунчилик талаблари асосида тенг шароитлар яратиб бериш масалалари юзасидан округ ҳудудида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берилди.

Ўз навбатида, ЕХҲТДИИҲБ кузатувчилари самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, бўлажак сайловлар мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим сиёсий воқеа эканлигини қайд этди.

2-Андижон округ сайлов комиссияси

Матбуот маркази.