ЖАМИЯТ

«Европа оҳанглари»дан «Санъат ғунчалари»гача...


04.04.2018   1343

Юртимизда иқтидорли, истеъдодли ёшларни кашф қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб танловлар ўтказилмоқда. Т. Содиқов номли 7-мусиқага ихтисослаштирилган мактаб-интернатида таҳсил олаётган 320 нафар ўқувчига барча шарт-шароитлар яратилган.

24 йўналишда сабоқ бериб келаётган 115 нафар тажрибали ва ижодкор-мураббий фаолият олиб бораётган ушбу даргоҳ вилоятимизнинг намунали таълим масканларидан ҳисобланади.

2017 йил октябрь ойида иқтидорли ўқувчилардан Зилола Озодбекова, Достонбек Давлат-охуновлар Испаниянинг Мадрид шаҳрида бўлиб ўтган "Европа оҳанглари" халқаро кўрик-танловида 1 ва 2-ўринни эгаллаб, ғолиб бўлган эдилар. Жамоага яқинда Тошкент шаҳридан хушхабар келди. Истеъдодли 14 нафар ўқувчи Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, "Соғлом авлод учун" хайрия фонди, Миллий Гвардия қошидаги мусиқа ва санъат академик лицейи ҳамкорлигида ташкил этилган дамли ва зарбли чолғучилик йўналиши бўйича ўтказилган "Санъат ғунчалари" 20-республика кўрик-танловида муваффақиятли иштирок этди. Талай Муродбеков, Аҳадбек Орипов, Ислом Мирзакаримовлар биринчи ўрин соҳиби бўлдилар. Қолганлар ҳам фахрли ўринларни қўлга киритдилар. Иқтидорли, изланувчан ўқитувчи сифатида Нилуфар Иброҳимова "Энг ёш концертмейстер" сифатида тан олинди.

Куни кеча мусиқа мактабида ғолибларни тақдирлаш маросими ва уларнинг ҳисобот концерти бўлиб ўтди. Ўқувчилар ўзбек миллий ва хориж мусиқаларини турли чолғуларда ижро этиш билан ўз устозларига миннатдорлик билдирдилар.

– Бу ва бошқа танловлар, – деди директорнинг мусиқа фанлари бўйича ўринбосари Баҳодир Нуралиев, – билим салоҳияти, ўзига хос иқтидори, юксак маҳорати билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган ўқувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ноёб истеъдодларни рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Муваффақиятлардан руҳланган шогирдларимиз мусиқа сир-асрорларини янада изланиб, тиришқоқлик билан ўрганишмоқда.

Мазкур таълим даргоҳининг синф хоналаридан мусиқа садолари тинмайди. Педагогик жамоа ва ўқувчилар апрель-май ойларида ўтказиладиган "Наврўз садолари" халқ чолғулари оркестри ва ансамбллари ҳамда "Санъат ғунчалари" 2-халқаро кўрик-танловларига қизғин тайёргарлик кўрмоқдалар.

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА.

Суратда: тадбирдан лавҳа.

Азаматжон Тошматов олган сурат.