Андижон 24

ЕТТИ ОҒА-ИНИ ЭНДИ САМАРАГА БОРМАЙДИ


10.03.2020   13487

Жалақудуқ туманида 220 нафар уюшмаган ёшга 20 сотихдан, жами 44 гектар ер майдони ажратилди. Қўртқи массивида жойлашган бўлғувси боғни суғориш чораси кўрилди. Полиэтилен қувурлари ёрдамида сув ортиб келинмоқда. Экин-тикин бўй кўрсатгунга қадар оби-ҳаёт етказилади. Бу ерда ҳам асосан кам таъминланган оила фарзандлари, хорижга иш қидириб кетаётган йигит-қизлар танлаб олинди.

Нуронийларнинг дуои-фотихаси билан ишга киришилди. Туман ҳокимлиги томонидан мевали кўчатлар, нўхот экиш учун уруғлик келтириб берилди. Адирлик майдонларидаги ерлар ҳайдалиб, экин экишга тахт қилиб қўйилди.


-Оилада 7 ўғил, бир қизмиз, - дейди Қорадарё маҳалласидан Ойбек Маматхўжаев. – Россиянинг Самара шаҳрида ишлардик. Ер берилаётганини эшитиб, хорижга кетмадик. Ҳар биримизнинг энди ўз боғимиз бўлади. Шунчалик шароит яратилаёттган экан, астойдил меҳнат қиламиз.

-Аёл экан деманглар,-суҳбаттга қўшилади Деҳқонобод маҳалласида яшовчи Наргизахон Мўминова. – Хонадонимизда ишлайдиганлар талайгина. Отамиз деҳқон. Уларнинг маслаҳатлари билан ишга киришдик.

Турсунбой ота Бойбуваев 80-баҳорини қаршиламоқда. Қўртқини ўзлаштирганлардан бири. Оқсоқол набираси тенги йигитларга деҳқончилик сабоғини бериб, дастлабки ниҳолларни ўтказишга бош бўлди.

Ҳақиқий байрамга айланиб кетган тадбирда туман ҳокими Фурқатбек Бузруков ёшларга ерга эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи фармойишларини топширди. Ош ортилиб, қуръон тиловат қилинди.

Шу куннинг ўзида туманмарказида “Олмос бест текстиль” корхонаси ишга туширилди. Янги корхонада 100 нафар иш ўрни яраилди.

«auz.uz» online гуруҳи.