Жамият

ЕТТИ НАФАР ШАХС ОЗОД ЭТИЛДИ (+фото) (+видео)


22.08.2019   1731

Булоқбоши туманида Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди раҳбар-ходимлари, судялар иштирокида фуқаролар билан сайёр учрашув ва суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда жиноят ишлари бўйича туман суди ҳамда ички ишлар бўлими пробация гуруҳи вакиллари иштирок этдилар. Учрашувда фуқароларнинг марожаатлари ўрганилди ва уларга амалий кўмак бериш чоралари кўрилди. Қабул давомида жиноят ишлари бўйича вилоят судининг раиси Адҳамжон Мирзаев фуқароларни қийнаётган муаммоли масалаларни кўриб чиқди ва уларнинг ечими бўйича керакли тавсияларни берди.

Содир этган жинояти учун жазо тайинланган ва шартли озодликка чиқарилган, назоратга олинганлар туманда 173 нафарни ташкил этади. Сайёр суд мажлисида тузалиш йўлига ўтганларнинг 7 нафарини озод қилиш бўйича суд ҳукми ўқилди.

Пробация гуруҳи ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда режали иш олиб борилиб, озодликдан шартли маҳрум этилган ва назоратдаги шахсларнинг бандлигини таъминлаш, муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш юзасидан тизимли ишлар ташкиллаштирилган. Назорат остидагиларнинг қайта жиноят содир этиш хавфсини аниқлаш ва бунга йўл қўймаслик мақсадида профилактик чора тадбирлар амалга оширилмоқда. Уларнинг психологик портретини тузиш орқали 3 тоифага ажратилмоқда ва ҳар бири билан алоҳида профилактик тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Натижада назорат остидаги шахслар орасида қайта жиноят содир этилишига йўл қўйилмаяпти.

Ўз қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, оиласи, жамият учун фойдали меҳнат билан шуғулланишга астойдил киришган ва улардаги ижобий ўзгаришларга асосан жазони ўташдан озод қилинганлар ҳамда оила аъзоларининг қувончи чексиз.

М.ТЎХТАНАЗАРОВ.