Андижон 24

ЭЪТИБОРДАН МАМНУН ШИФОКОРЛАР


10.11.2019   6185

Таниқли шоир Шарофиддин Болтабоев тиббиёт ходимларига ўз туҳфаси билан ташриф буюрди. Уларни шарафловчи, мадҳ этувчи янги ижод намуналаридан ўқиб эшиттирди.

-Ҳоким таклифи билан Андижон ҳақида ажойиб шеър ёзишга кири шганман, - дейди шоир. – Аслида 2013 йилда ижод қилган “Андижоним” шеъри ҳақиқий мадҳия даражасидаги қўшиққа айланган эди. Ўтган даврдаги ўзгаришларни, вилоят аҳлининг шижоати, ютуқларини қаламга олиш ниятидаман.

Вилоят ҳокими томонидан Шарофиддин Болтабоевга шу ернинг ўзида берилган совға - енгил автомобили шоирнинг ижодига ижод қўшадиган бўлди.

Шифокорлар учун андижонлик таниқли эстрада хонандалари байрам дастурини тақдим этдилар. Машҳур санъаткор Санобархон Раҳмонова ижросида “Устозлар” қўшиғи янгради.

Давраларда ўтирган тиббиёт ходимларини суҳбатга чорлаймиз.

Зуҳриддин Салоҳиддинов, Андижон давлат тиббиёт институти кафедра мудири, профессор, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби:

-Кеча Тошкентда байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда андижонлик тўрт нафар ҳамкасбим қатори мамлакатимиз раҳбари фармонига кўра “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотландим. Соҳамизга бўлган эътибор ҳар қачонгидан юқори. Янги илмий марказлар, етакчи хорижий марказлар филиаллари очилмоқда. Яқинда Туркияда шундай марказларнинг бирида бўлиб қайтдим. Улар ҳам ҳамкорлик қилиш, инвестиция олиб кириш истагини билдирдилар.

Валерий Исакович Багдасаров, онкология диспансерида маслаҳатчи:

-Кейинги йилларда онкологларнинг орзулари ушланмоқда. Ўзимизнинг муассаса мисолида айтадиган бўлсам, диспансер тўлиқ таъмирланди ва энг замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Бу борада хориж диспансерларидан ҳеч кам жойимиз йўқ. Соҳада 54 йилдан буён меҳнат қилаётган бўлсам, ишонч билан айта оламанки, бугунгидай шароитлар бўлмаган. Авваллари беморларни текширишга, операция қилишга Тошкент, Москва каби шаҳарларга юборар эдик. Эндиликда энг мураккаб, хатто пойтахтда бажарилмайдиган пластик операциялар Андижонда қилинмоқда. Беш йил илгари ҳам буни орзуламасдик. Ёшларимиз биздан ўзиб кетди. Хорижда ўқиб, малака оширган йигитлар юқори даражадаги амалиётларни сифатли бажара оладилар. Бу ҳам тиббиётга, аҳоли саломатлигига бўлган давлат даражасидаги эътибордан далолат беради. Шу ўринда ҳамюртларимизга мурожаат қилмоқчиман. Саломатлигингизни ҳар икки-уч ойда текширувдан ўтказиб туринглар. Онкология диспансерида барча текширувлар бепул. Ҳамкасбларимни байрам билан қизғин табриклайман.

Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси бош шифокори Баҳодиржон Раҳмонов:

-Клиникамизда сентябрь ойида республикада ягона бўлган тиббий кислород ишлаб чиқариш мини-заводи ишга туширилди. Ушбу лойиха Соғликни сақлаш вазирлиги ва GIZнинг «Ўзбекистонда пешқадам тиббий технологиялярни бошқариш» лойиҳаси асосида ҳамкорликда амалга оширилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 130 минг евро.

Бугунги байрам барчамизга кўтаринки кайфият бағишлаб, кучимизга куч қўшмоқда.

Шукурулло Жалилов, “Соғлом турмуш” хусусий клиникаси бош шифокори:

-Бизнинг клиникамизга нафақат Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан, балки Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистондан ҳам беморлар мурожаат қилмоқдалар. Бу тиббиётимиз даражасини кўрсатиб турибди. Аҳолига тиббий хизмат сифатини янада оширишга бел боғлаганмиз. Замонавий ускуналарга эгамиз. Бугунги тантанада иштирок этганимдан мамнунман. Байрам баҳонасида ҳамкасбларимиз билан фикрлашиб олишга ҳам имкон яратилди.