Андижон 24

ЭРТАГА ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ХОДИМЛАРИ КУНИ: КЕНГ ҚАМРОВЛИ ИСЛОҲОТЛАР МУВАФФАҚИЯТЛАР ОМИЛИГА АЙЛАНМОҚДА


11.12.2021   739

Йил якуни, байрам арафасида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар сарҳисоб қилинади. Деҳқончиликдаги натижалар бошқа тармоқлар истиқболи ҳақида сўз юртилади. Келгуси марралар белгиланади.

Қишлоқ хўжалигининг қамрови кенг. Ғалла, пилла, пахта, мева, сабзавот, узум, полиз, чорвачилик маҳсулотлари ноз-неъмат бунёдкорларининг, мутахассисларнинг ҳамжиҳат ҳаракати самарасидир.

Жорий йил қишлоқ хўжалигида баракали бўлди. Ғаллакорлар 76 минг гектарда мўл буғдой етиштирдилар. 196 минг тонна дон давлат омборига топширилди. Аксарият фермер хўжаликлари юқори ҳосил олдилар, ихтиёрида ҳар қачонгидан кўп ғалла қолди. Фермерлар, сувчилар, механизаторлар, деҳқонлар самарали меҳнати эвазига тонналаб буғдойли бўлишди.

Мамлакатимиз Президентининг "Ғалла етиштириш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш тўғрисида"ги қарори бу йўналишда фаолиятни мукаммаллаштириши билан аҳамиятли.

Муваффақиятлар янги марраларга руҳлантирди. Кузги буғдой меъёрий муддатларда сифатли экилиб, ундирилди. Бу келаси йилда ҳам мўл ҳосил олишга, элнинг ризқи бутун бўлишига заминдир.

Ғаллачиликдаги ютуқлар пахтачиликда мустаҳкамланди. 78 минг 990 гектарда ғўзанинг "Андижон-35", "Андижон-36", "Андижон-37", "Султон" ҳамдабошқа истиқболли навлари парваришланди. 279 минг тонна ҳосил топширилди. Йиғим-терим мавсуми маромида ўтди, ҳамма ўз ишини билиб бажарди. Бу пахтачиликка янгича ёндашув қарор топаётгани туфайлидир.

Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш жадал боряпти. Бозор мехнизмлари жорий этилмоқда. Кластер тизимида экин экишдан бошлаб ҳосил қайта ишланмоқда. Тайёр маҳсулот даромадига эга бўлишга эътибор қаратилди.

Пахта-тўқимачилик кластерлари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, деҳқонлар, мутахассислар янгича фикрлаб, меҳнат қиляптилар. Мўл ҳосил етиштириш баробарида даромадни кўпайтириш, манфаатдорликни ошириш асосий мақсад-муддаога айланди.

Президентимизнинг амалдаги йилда имзолаган "Пахта етиштириш ва унинг йиғим-терими харажатларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори кластерлар, фермер хўжаликлари фаолиятини ривожлантиради. Ушбу қарорга кўра молиялаштиришнинг изчил тизими қўлланилади.

Соҳада янги агротехнологиялар жорий қилинмоқда. Ғўза қатор ораларини томчилатиб суғориш усули бунинг мисоли. Ҳозир вилоятимизда 20 минг гектар ерда бу янгилик жорий этилди. Тракторда ишлов бериш, механизаторлар, сувчилар иш ҳақи тежаляпти. Янгилик қулоч ёйяпти.

Қишлоқ хўжалиги янгиланиш билан илгариламоқда. Деҳқон хўжаликлари ва томорқачиликни ривожлантириш, уларни молиялаштириш, агрохизматлар кўламини кенгайтириш бўйича янги тизим жорий қилиняпти. Аҳоли томорқаси даромад манбаи бўлишига шароит яратилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда етиштирилаётган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дунёнинг 66 та мамлакатига экспорт қилинмоқда. Бунда вилоятимиз соҳа миришкорларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Бу йил вилоятимиз бўйича 150 миллион АҚШ долларилик мева-сабзавот экспорт қилингани фикримизнинг далили.

Соҳадаги ижобий ўзгаришлар халқимиз дастурхонини тўкинлигигахизмат қиляпти. Паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик ривожланяпти. Янги иш ўринлари яратилиши билан ноз-неъматлар кўпаймоқда.

Соҳа заҳматкашларининг ҳаракати халқимиз ҳаёти фаровонлигини таъминлашда муносиб ўрин тутади. Улуғларимиз қишлоқ хўжалиги меҳнаткашларини эъзозу эътироф этишган. Уруғ ундириб, экин ўстириш, ҳосил етиштириш қанчалар меҳнат эвазига амалга ошишини тўғри, холис таърифлаганлар. Қишлоқ хўжалиги ходимларини касб байрами билан табриклаб, бундан кейинги ишлари янада илгари бўлишини тилаймиз.

Абдувоҳид

МАЖИДОВ,

вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси

бошлиғининг биринчи ўринбосари.