Андижон 24

Эпидемия чоғида мусулмон одоби: НАРХ-НАВОНИ СУНЪИЙ ОШИРИШ ВА ВАҲИМА ҲАҚИДА. НУРИДДИН ХОЛИҚНАЗАРОВ БИЛАН СУҲБАТ


21.03.2020   13931

Юқумли касалликлар пайдо бўлганида унга қарши курашиш борасида Ислом дини таълимоти қандай? Одамлар орасида ваҳимага сабаб бўлишнинг-чи? Нарх-навони асоссиз равишда оширганларни ким деб аташ мумкин? Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров билан суҳбатда шу ва бошқа саволларга жавоб берилди.

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида 2020 йил 16 мартдан эътиборан Ўзбекистонда карантин чоралари эълон қилинди.

Хўш, мазкур эпидемияга қарши курашишда Ислом дини таълимоти қандай? Саволларимизга жавоб олиш учун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров билан суҳбатлашдик.

Ассалому алайкум, домла!

— Ваалайкум ассалом ва роҳматуллоҳ, хуш келибсиз!

Домла, Ўзбекистонда карантин эълон қилинди. Сир эмас, Ислом таълимоти инсон ҳаётидаги барча жабҳаларни қамраб олади. Шу нуқтайи назардан, карантин ҳолатида мусулмонлар ўзларини қандай тутишлари керак бўлади, уларнинг зиммасига юкланадиган масъулият ва вазифалар нималардан иборат?

— Аллоҳга ҳамд, пайғамбаримизга салавот-у саломлар бўлсин. Афсуски, Аллоҳнинг иродаси экан, мазкур вирус бизга ҳам кириб келди. Гарчи, ҳукуматимиз эҳтиёт чораларини кўриб, мўмин-мусулмонлар дуои хайрларда бўлиб турди, аммо Аллоҳ иродаси экан. Шундай экан, эҳтиёт чораларини кўриш барча мўмин-мусулмонларга зарур бўлади.

Мусулмон банда, аввало, Ислом дини қонун-қоидаларига мувофиқ, ҳар бир инсон ҳаётини муҳофаза қилиш масъулиятига эга. Шундай экан, ҳар биримиз юртдошларимизни, диндошларимизнинг ҳаётини, саломатлигини сақлашга масъулмиз. Шу билан бирга, ўзимизнинг саломатлигимизни ҳам сақлашга мажбурмиз.

Чунки, пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айтганларки, «Иккита неъмат бор, инсонлар уларнинг қадрига ҳеч етмайди, булар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик». Бу ҳадисни кўп айтганмиз, аммо унинг қай даражада аҳамиятли эканини яқинроқ ҳис қилиб, тушуниб турибсиз. Гарчи, саноқли кишилар вирусни юқтиргани айтилган бўлса ҳам, барчамизнинг хотиржамлигимизга оз бўлса-да таъсир қилди. Шунинг учун, хотиржамлигимизнинг қадрига етишимиз, саломатлигимизни асрашлик йўлида барчамиз бирлашишимиз керак.

Ва Исломда мусулмонлар ўз раҳбарларига, бизнинг ҳолатда табиблар кўрсатмаларига ҳам итоат қилади. Мана шуни унутмаслик даркор. Шунга мувофиқ, ушбу касалликнинг олдини олиш бўйича қанақа кўрсатма бўлса, унга амал қилишимиз лозим.

Ижтимоий тармоқларда «Аллоҳнинг айтгани бўлади», «Ниқоб тақсанг ҳам, тақмасанг ҳам, антисептик восита қўлласанг ҳам тақдирда бори бўлади», деган гаплар айтилмоқда. Лекин, бир ҳадис ёдимга келди. Шомда вабо тарқаганида, Ҳазрати Умар (розиаллоҳу анҳу) у ерни тарк этган. Шу ҳадисни изоҳлаб берсангиз?

— Аввало, мусулмон сифатида Аллоҳ Таолонинг тақдирига иймон келтирганмиз. Буни эсдан чиқармаслигимиз керак. Мана иймон шартларимизда, Аллоҳга, фаришталарига, пайғамбарларига, китобларига ва тақдирига ҳам ишонамиз. Яхшилик ва ёмонлик ҳам, нимаики бўлса, Аллоҳдан эканига ишонамиз. Лекин, тақдир ҳам Аллоҳнинг бизларга берган бир кўрсатмаси эканлиги ҳозир сиз айтган ҳадисда ўз ифодасини топади.

У киши Шомда вабо тарқаганида у ердан чиқиб кетдилар. Аллоҳнинг тақдиридан қочяпсизми, деганларида, Аллоҳнинг тақдиридан Аллоҳнинг тақдирига қочяпман деганлар. Яъни, мана шу қочишлигим ҳам аслида Аллоҳнинг тақдири, деганлар.

Шунинг учун, аввало, ҳар бир нарсани Аллоҳга омонат қилишимиз лозим. Лекин, пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломдан бир ҳадисда шундай ривоят қилинади. У кишидан: «Отимизни боғлаб Аллоҳга омонат қилайликми, ёки боғламасдан, деб сўраганларида, отингни боғлаб, сўнгра Аллоҳга омонат қил, деган эканлар».

Яна бир ҳадис бор. «Томи тушиб кетадиган уйнинг ичида ўтириб олиб, Роббим мени сақлагин, деган кишининг дуоси қабул бўлмайди», дейилади. Бундай ҳадислар кўп.

Шундай экан, Аллоҳ Таолонинг бизга берган ҳар бир тақдирига рози бўлган ҳолда, эҳтиёт чорасини кўришимиз керак. Мўмин-мусулмон сифатида, ўша касалликнинг олдини олиш учун нимаики чоралар бўлса қиламиз-у, иймонимизда Аллоҳ Таолонинг тақдирисиз, ҳеч нарса бўлмайди, деб турамиз.

Битта мисол келтирадиган бўлсам, бошимиз оғриса, бир дори ичамиз, аммо Аллоҳ шифо берди, деймиз. Чунки, ақидамизда сабабият қонуни бор. Бир нарсага иккинчи нарса сабаб бўлади. Шунинг учун, ўша касалликнинг олдини олишга ниқоблар, антисептик воситалар ёки бошқа кўрсатмалар сабаб бўлиб, Аллоҳ бизни балолардан асрайди.

Маълумотларни ўқиганимизда, касаллик тарқатувчи бу вирус нопокликдан келиб чиқадигандек таассурот уйғотмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларида ҳам қўлни мунтазам совунлаб ювиш кўп такрорланмоқда. Ислом – поклик дини деймиз. Мусулмонлар ҳаёт тарзида бу нарса шундоқ ҳам бор, аммо буни яна қандай кучайтириш мумкин?

— Агар, биз мана шу поклик борасида пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатмаларига мувофиқ бўлсак, ин шаа Аллоҳ, бу касалликдан қутуламиз.

Биринчиси, инсон пок бўлиб юриши. Бизда поклик шунчалик эътиборга олиндики, у ибодат даражасига, ҳатто иймон даражасига олиб чиқилди. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом «Таҳорат – иймоннинг ярмидир», дедилар-да. Ёки, «Поклик иймондандир», деган ҳикматли сўз бор.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа бир ҳадислари бор: «Аллоҳ покдир ва покликни яхши кўради». Исломда покликка жуда катта эътибор қаратилган. Бир кунда беш маҳал намоз ўқиганимизда, беш маҳал қўлимизни ювиб турсак, юзимизни ювиб турсак, бизда гард қолмайди. Оёқларгача ювилади, аслида.

Ундан ташқари, диний кўрсатма ва одоблар бор. Шулардан бири, жамоат жойларда таомланаётганда, ёки умуман, чой ичаётганимизда идишга пуфлама, дейилади. Пуфлаш – макруҳ. Айниқса, ҳозирги кунда, шунга ҳамма амал қилинса, вирус тушишидан сақланилади.

Яна бири мўмин-мусулмонларнинг кўришиш одоблари. Биз, аввало, салом билан кўришишимиз, зарурат бўлганда, қўл билан кўришишимиз керак. Мусулмонларнинг бир-бирлари билан кўришиш маданиятида ўпишиб кўришиш йўқ. Бу, айниқса, аёлларга тааллуқли.

Агар, шундан ҳам сақлансак, овқат еяётганда сақлансак, пайғамбаримиз тавсия қилганларидек, овқатдан олдин ва кейин қўлларимизни ювиб турсак, бизга ҳеч қачон бу вирус юқмайди.

Ин шаа Аллоҳ, карантин муддати ҳам қисқаради...

— Биз бу нарсани фарзандларимизга ҳам ўргатишимиз керак. Мана, вирусдан сақланиш учун, ниқобдан ҳам кўра, қўлни яхшилаб, совунлаб ювишга кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Инсон ўзига қараб, покликка эътибор берса, катта-катта жамоат жойларида бошқаларга озор беришдан ўзини сақласа, Худодан умидимиз бор, тез кунда, бу бартараф бўлади.

Ҳозирги кунда, супермаркетларда, дўконларда одамлар ўртасида бир ваҳима. Ислом таълимотига кўра, ортиқча маҳсулотларни жамлаб қўйиш қанчалик тўғри бўлади?

— Айримлар ҳамма нарсани тақдирга йўйиб, ҳеч нарса қилмаслик керак деяпти. Иккинчи томон қўрққанидан, ваҳима билан иш қиляпти. Бундай пайтларда, мусулмон одам сабрли-қаноатли бўлиши керак.

Биринчидан, юртимизда очарчилик бўлгани йўқ, қаҳатчилик ёки уруш бўлгани йўқ. Саноқли одам шу вирусга йўлиққанини эшитдик. Бундай ваҳима чиқариш шайтоннинг васвасаси. Шайтон васвасаси билан одамлар бир-бирида ваҳима уйғотмоқда. Ортиқча нарсаларни олиб қўймоқда, бу исроф. Керагини олса, эртага яна олади. Кўп олиш оқибатида бошқаларни бенасиб қилмоқда.

Халқимиз бунақа бўлмаган. Вирусни юқтирган фуқаро чиққани ҳақидаги хабардан сўнг, одамларнинг ҳолатини кузатдим. Нега бунақа, нима учун ваҳима пайдо бўлди? Бундан каттароқ имтиҳон бошимизга тушса, нима қиламиз?!

Битта майизни қирқ киши бўлиб еган юртмиз биз. Очарчилик, қийинчиликларни кўрган бобо-момоларимиз. Уйидаги бир бурда нонини ярмини қўшнисига берган халқмиз.

Қолаверса, бир-бирларига асосланмаган хабарлар, ёлғон тарқатиш – бу энг катта гуноҳ. Асос йўқ. Чунки, пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом инсонлар орасида, ҳатто ҳазиллашиб ҳам қўрқув уйғотишдан қайтарганлар.

Саҳобалардан бирлари, жанг ўртасидаги дам олиш вақтида озгина ухлаб турганларида, сафдошлари камон ўқларини яшириб қўйишди. Уйғониб қараса, ўқлари йўқ, қўрқиб кетдилар. Улар кулишди. Пайғамбаримиз бу ҳолни кўриб, ҳазиллашиб қўрқитиш ҳам дуруст эмаслигини айтдилар. Ваҳима қилиш ҳам қўрқитиш-да. Ижтимоий тармоқларда у-бу деб ёзиб, қўрқув уйғотиш ўрнига, одамларни осойишталикка чақириши, Аллоҳга дуо қилайлик, унинг қадарига рози бўлайлик, ўзимизни эҳтиёт қилайлик, дейиш мусулмоннинг вазифаси.

Бозорда харидор сони кўпайди. Савдода иккинчи тараф – сотувчи бор. Уларнинг айримлари, харидор кўплигидан фойдаланиб, нархларни оширди. Исломда нарх-навони инсоф билан белгилаш қандай муолажа қилинади?

— Аслини олганда, савдогарлик шарафли касблардан бири ҳисобланади. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом «касбларнинг ичида энг яхшиси бу савдогарлик» деганлар. Улуғ саҳобалардан бирлари икки ҳолатда ўлим топишни истардим, бири ватанимни, оиламни душмандан ҳимоя қилиб, иккинчиси тижорат молларини олиб келаётганда, деган эканлар. Тижоратчининг вазифаси инсоф доирасида халқ эҳтиёжларини таъминлаш.

Лекин айни инсонлар бошига синовлар, қийинчиликлар тушиб вақтда фойдаланиб, алдаб, пулини топиш, умуман, дуруст эмас. Уларга айтар сўзимиз шуки, бундай усулда пул топиб бўлмайди, Аллоҳдан қўрқиш керак. Аксинча, бундай вақтда ёрдам бериши керак.

Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломнинг бир ҳадисларида деганларки, «ким бир мусулмон биродарининг дунёвий қийинчилигини кетказишда ёрдам берса, Аллоҳ қиёматда унинг қийинчилигини кетказишда ёрдам беради».

Мана ниқобларни қаранг. Бир неча кун аввал қанча эди? Исломда «иҳтикор» деган нарса бор, бу монополия қилиб олиш дегани. Айрим маҳсулотларнинг нархини сунъийлик билан кўтариш. Тўплаб олиб, бир бало келганида уни қиммат нархда чиқариб сотиш ҳаром. Бундай қилмаслик керак. Аксинча, арзонлаштириб сотса, Аллоҳ қиммат сотгандаги 100 сўмидан арзон сотгандаги 1 сўмига 1000 сўмлик барака беради. Барака инсофда, афсуски, ичимизда шундай инсонлар ҳам бор экан.

Эшитиб, мени ранжитган яна бир нарса. Ҳукуматимиз томонидан алоҳида қарор қабул қилиндики, карантин даврида талабаларга, йўлкираларини 50 фоизга арзонлаштирди. Лекин, шунақа пайтда, баъзи бирлари йўлкира нархини кескин даражада кўтариб юбориб ўз нафси йўлида хиёнат қилди. Уларни хиёнатчи дейиш хато бўлмайди. Чунки, у мана шундай қийинчилик даврида юртдоши, диндошидан фойдаланяпти.

Ижтимоий тармоқда ўқиб қолдим, қайсидир бир таксичи талабаларни текинга олиб боришини эълон қилибди. Мана шу инсоф. 5-6 бемор пайдо бўлиши билан ким асли кимлиги билиниб қолди. Ким ватанпарвар, ким динпарвар, ким фидойи эканини мусибатда, қийинчиликда билинади.

Эскиларнинг гапи бор: ким нимадан фойдаланиб, пул қилса, ўша топган пулини шунга сарфлайди, дейилади. Агар одамларнинг мусибатидан пул қилса, топган пулини бир куни ўз мусибатига сарфлайди. Бундан эҳтиёт бўлиш керак. Бу гаплар, йиллар давомида тажрибадан ўтган гаплар.

Аммо, яна қайтараман, эҳсон қилувчилар ҳам чиқмоқда. Аллоҳ йўлида нима бўлса қиламиз, дейишмоқда, озиқ-овқат маҳсулотлари борасида ёрдамларини таклиф қилаётганлар бор.

Бугундан бошлаб, Мусулмонлар идораси ҳам фатво чиқарди. Республика масжидларида жамоат намози ибодатлари адо этилмаслиги, жума намози ҳам уйда ўқилиши айтилди. Тошкент шаҳри мисолида, бу қандай бўлади, изоҳлаб берсангиз.

— Бир нарсани билишимиз керак, бу Ўзбекистоннинг ўз тажрибаси эмас. Ҳатто Саудия Арабистонида, Ҳарам ҳудуди ҳам Умра зиёрати учун беркитилди. Бутун дунё Ислом уламолари кенгаши бор, ўша кенгаш ҳам фатво чиқарилди. Бу намоздан қайтариш эмас, жамоат намозидан тўхтатиб туриш дейилади.

Пайғамбаримизнинг жиянлари Ибн Аббос ўтирган эдилар, ёмғир кучли ёғаётган вақтда, муаззин азон айтди. Шунда Ибн Аббос муаззинга қараб «намозга келинглар», дейиш ўрнига «уйингизда намоз ўқинг», деган сўзни айтишни буюрдилар.

Атрофдагиларнинг айримлари ранжишди. Шунда у киши, бу ишни мендан кўра, яхшироқ инсон қилганлар, дедилар. Ёмғирда қолиб, балчиқда қийналмаслик мақсад қилинган эди. Ёмғир билан вирус ўртасида қанчалик фарқ бор. Суннати муаккадани қилиш билан инсонларга зарар беришдан Ислом қайтаради.

Мусулмон инсон ўз юртининг фатвосига итоат қилиши вожиб. Биз ҳам Тошкент шаҳрида бу фатво эълон қилинди. Мусулмонларимиз бу қарорни тўғри қабул қилдилар, хурсанд бўлди, демаймиз албатта, маҳзун бўлдилар ва бу бало тезроқ даф бўлишини кўзларида ёш билан Аллоҳдан сўрадилар.

Ин шаа Аллоҳ, тез орада яна жамоат намозларимизни биргаликда ўқиш насиб этади.

Толиб Раҳматов суҳбатлашди

Манба: Kun.uz