Андижон 24

«ЭПИДЕМИК ВАЗИЯТ ХАВОТИРЛИ ТУС ОЛМОҚДА» — СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРИ ХОРИЖГА ЧИҚМАСЛИКНИ ТАВСИЯ ҚИЛДИ


28.01.2020   723

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Ўзбекистон фуқароларига Хитойга, зарурат бўлмаганда, бошқа хорижий давлатларга ҳам вақтинчалик бормасликни тавсия қилмоқда, деб хабар берди Kun.uz

«Коронавирус бўйича юзага келган мураккаб эпидемик вазият дунё миқёсида хавотирли тус олмоқда. Ривожланган давлатлар, жумладан, Япония, Жанубий Корея, Таиланд, Вьетнам, Сингапур, Тайван, Франция ва АҚШда ҳам ушбу вирус аниқланган.

Ушбу эпидемик вазиятга қарши юртимизга керакли барча чоралар кўрилмоқда. Хусусан, ҳаво, автомобиль ва темир йўл транспорти объектларида санитария-эпидемиология ва миграция назорати кучайтирилмоқда. Хитойдан қайтаётган фуқароларга тиббий назорат ўрнатилган. Аммо бу хавфсизликни тўлиқ кафолатлайди, дегани эмас. Негаки, коронавирус инфекцияси ҳаво томчилари орқали ўтиши, инсондан инсонга юқиши, шунингдек, касалликнинг яширин даври 1–14 кунгача кечиши жиддий хавотир уйғотмоқда. Шу боис фуқароларимиздан Хитойга, зарурат бўлмаганда, бошқа хорижий давлатларга ҳам вақтинчалик бормасликни тавсия қиламан», – деди вазир.

Айни вақтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ва «Ўзбекистон темир йўллари» компаниялари ҳамда ҳудудлардаги Санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари бош врачларига мураккаб эпидемик вазият бўйича ҳушёрликни ошириш чора-тадбирларни янада кучайтириш тўғрисида топшириқлар берилган.

«Қайд этиш жоизки, мамлакатимизда мавсумий грипп касаллиги ва коронавирус инфекцияси бўйича тизимли равишда эпидемик назорат йўлга қўйилган.

Айни пайтда республикамизда коронавирус инфекцияси бўйича эпидемик вазият барқарорлиги кузатилмоқда. Хитойдан ва бошқа чет давлатлардан ушбу инфекциянинг кириб келиш ҳолатлари қайд этилмади. Юртимизда эпидемик вазият барқарорлигини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан муайян профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, унга асосан, вазирлик ва ҳудудларда соҳанинг малакали мутахассисларини жалб этган ҳолда штаблар ташкил этилган.

Бундан ташқари, коронавирус инфекциясига гумон қилинган беморлар учун Вирусология илмий текшириш ва Эмидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтлари клиникаси, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг юқумли касалликлар шифохоналарида махсус бокс палаталари, улар учун тегишли дори-дармонлар захираси яратилган.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» ва «Ўзбекистон темир йўллари» компаниялари ҳамда ҳудудлардаги Санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари бош врачларига чет давлатларда кузатилаётган коронавируснинг янги тури билан боғлиқ мураккаб эпидемик вазият бўйича ҳушёрликни ошириш ва бу касалликнинг республика ҳудудига кириб келишининг олдини олиш борасида чора-тадбирларни янада кучайтириш тўғрисида тавсия ва топшириқлар берилган.

Шунингдек, вазирлик томонидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига коронавирус бўйича эпидемик вазият барқарорлашгунга қадар зарурат бўлмаган ҳолларда Хитойга ўзбекистонлик сайёҳларни юбормаслик тўғрисида ҳам тавсия берилди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда янги коронавирус оқибатида вафот этганлар сони 80 нафардан, касалланганлар сони эса 2400 нафардан ошган. Хубэй провинцияси ва унинг маъмурий маркази Ухань шаҳрида зарарланишнинг энг кўп ҳолати қайд этилган.