Андижон 24

ЕНГИЛЛИК МАЖБУРИЯТ ҲАМ ЮКЛАЙДИ (+ВИДЕО)


26.08.2019   1173

Жорий йилнинг 1 январидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бошқармаси ҳузурида Пробация хизмати ва ҳудудий бўлимлари ташкил этилган эди. Жиноятларнинг олдини олиш ва бартараф этишда, маҳкумларнинг қайта тарбияланишида ушбу тизим муҳим рол ўйнайди. Шаҳрихон туманида шартли ва озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазога ҳукм қилинганлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққанлар яратилаётган енгилликлар, улардан оқилона фойдаланиш хусусида гапирдилар. Шунингдек, тўғри хулоса чиқариш ўрнига суднинг қонуний ҳукмини бажаришдан бўйин товлаб, озодликдан маҳрум этилганлар ҳақидаги кўрсатув намойиш қилинди.

Назорат остидагилар, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган вояга етмаганларнинг ижтимоий мослашуви ва ишга жойлашиши, касбий тайёргарлиги бўйича тадбирлар ташкил этиш бўйича амалий кўмак берилади. Шу давр мобайнида ижобий хатти-ҳаракати билан ўзини кўрсата олган, тузалиш йўлига ўтганлар муддатидан олдин жазодан озод қилинадилар. Шу куни ўтказилган сайёр суд жараёнида ҳам бир қатор шахсларга ана шундай имкониятлар берилди.

Яратилаётган енгиллик озод этилаётган шахсларни ижтимоий ҳаётда қайта жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этмаслик мажбуриятини ҳам юклайди. Туманда 381 нафар шахс пробация гуруҳи назоратига олинган. Уларнинг ўз қилмишларидан пушаймон бўлиб, тўғри йўлни танлашлари учун имконият бериш билан бирга муаммоларини ҳал этиш юзасидан ҳам ижобий ишлар амалга оширилмоқда.