ЖАМИЯТ

ЭНДИЛИКДА ҚУРИЛИШ ИШЛАРИДА ТЕЖАЛГАН МАБЛАҒЛАР ПУДРАТ ТАШКИЛОТИ ТАСАРРУФИДА ҚОЛДИРИЛАДИ


08.02.2021   2786

Фото:Андижон вилояти ҳокимлиги

Ҳукуматнинг тегишли қарорига кўра, бунда тежалган маблағлар қурилишнинг сифати ва ҳажмига таъсир қилмаслиги шарт.

Қурилиш соҳасида давлат харидларини ўтказишнинг янги тизими жорий этилади.

Бу борада Ҳукуматнинг “Қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, қурилиш соҳасида давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказишнинг янги тизими жорий этилади.

Унга кўра:

– қурилиш соҳасида давлат харидларини ўтказишда танлов ҳужжатларининг умумий ва техник қисмларини тақдим этиш талаб этилмайди;

– электрон танлов (тендер) савдоларини амалга ошириш учун танлов ҳужжатлари ва техник вазифалар фақат товарлар (ишлар, хизматлар) ҳажмларини ва уларнинг нарх параметрларини баҳолаш қисми бўйича комплекс экспертизадан ўтказилади;

– танлов савдоларида жорий йил учун молиявий мажбуриятлари ҳажми қурилиш-пудрат ташкилотларининг сўнгги уч йиллик ҳисобот даврининг бир йилида бажарилган энг йирик ишлар ҳажмининг 1,5 бараваридан ошган оферентлар иштирок этмайди;

– танлов натижалари бўйича шартномада белгиланган нархга нисбатан сифати ва ҳажмига таъсир қилмаган ҳолда тежалган маблағлар пудрат ташкилоти тасарруфида қолдирилади.

Қарорга кўра, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими ҳамда танловларни ўтказиш бўйича махсус ахборот портали операторлари ўртасида электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилади.

Қарор билан қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланди.

Манба: uznews.uz