Ўзбекистон

Энди пенсиялар 100 фоиз тўланади


09.01.2018   621

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабарига қараганда, 2018 йилнинг январь ойидан бошлаб, ишловчи пенсионер-шифокорларга пенсия 100 фоиз миқдорда тўланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги “Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида” қарорининг 6-бандига мувофиқ, мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча тиббиёт ташкилотларида меҳнат қилаётган шифокор-пенсионерларга пенсиялар тўлиқ 100 фоиз миқдорида тўланиш тартиби белгиланди.

Илгари тиббиёт муассасасида ишлаётган пенсионер шифокорлар ҳар ойда 50 фоиз миқдорида пенсия оларди. Янги тартибга кўра, олинаётган пенсиянинг умумий миқдори икки маротабага ортди. Масалан, рентгенолог-шифокор ҳар ойда ўртача 500 минг сўм ҳисобидан, бир йилда жами 6,0 миллион сўм пенсия олган бўлса, 2018 йилда эса икки баробарга ортиб — 12,0 миллион сўмни ташкил қилади.

Вазирлик мутасаддиларининг билдиришича, давлатимиз раҳбарининг қарори билан мамлакат соғлиқни сақлаш тизимида фаолият кўрсатиб келаётган 11 минг нафардан зиёд ишловчи пенсионер-шифокорлар пенсияларини тўлиқ миқдорда олиш имконига эга бўлишди.

Бундан кўзланган мақсад, қишлоқ ва олис туманлардаги тиббиёт муассасаларининг шифокорлар билан таъминланганлик даражасини яхшилаш, вакант ўринларни малакали мутахассислар билан қоплаш, шифокорлар меҳнатини янада рағбатлантириш, тиббий хизмат узлуксизлигини таъминлашдир.

Ҳозирда туман (шаҳар) Пенсия жамғармаси бўлимлари бу борада тегишли чораларни амалга оширишяпти.

Амалда ўрнатилган тартибга мувофиқ, 2018 йилнинг январь ойи учун барча ишловчи шифокор-пенсионерларга 100 фоиз миқдордаги пенсия тўлови февраль ойида иш ҳақининг иккинчи қисми тўлови амалга ошириладиган муддатларда тўланади.