Андижон 24

ЭНДИ ДАЛА ДЎКОНЛАРИДА МАҲСУЛОТЛАРНИ АЙРИБОШЛАШ МУМКИН


26.10.2020   2963

Айни вақтда вилоятлардаги аҳоли гавжум ҳудудларда янги қиёфадаги дала дўконларини ташкил этиш оммалашмоқда.

Маҳаллаларда, фермерларнинг далалари ёнида пайдо бўлаётган енгил конструкцияли дала дўконлари билан бирга кичик сиғимли ҳажмдаги музлаткич омборлар қурилиши эса харидорга ҳам сотувчига ҳам маъқул келмоқда.

Айни вақтда бир ярим мингдан ортиқ ташаббускорлар ушбу лойиҳада иштирок этиш истагини билдирмоқда.

Ҳозирга қадар Фарғона вилоятида 158, Тошкент вилоятида 151 та, Самарқанд вилоятида 92 та, Қорақалпоғистон Республикасида 50 та, Жиззах вилоятида 46 та ана шундай енгил конструкцияли дала дўконлари ва 5-10 тоннали кичик сиғимли музлаткич омборлар ишга тушди.

Бу хайрли юмуш бошқа вилоятларда ҳам давом этмоқда. Хусусан, Хоразмда 100 ортиқ ана шундай тузилма ташкил этилиши кутилмоқда.

– Туманимизда 300 ошиқ фермер хўжалиги фаолият юритади,– дейди Хива тумани фермерлар кенгаши раиси Мақсуд Эрназаров.– Хива шаҳри ташкил этилиши ҳисобига туманимиз бозорсиз қолди. Шу боис биз 40 ортиқ дала дўкони ташкил этиб, бозорга бўлган эҳтиёжни тўлдирамиз. Нархлар нисбатан анча арзон. Олибсотарларга ялиниб ўтирмай сабзи-пиёз дейсизми, картошка ёки карам дейсизми, тарозига торттириб, пулини тўлаб олиб кетаверасиз.

Шунингдек, "Томорқа хизмат" лари томорқачилардан йиғилган ҳосилни Хива шаҳридаги тадбиркорларнинг дўконларига етказиб беришда давом этади. Биз янги тажрибани ҳам қўлламоқчимиз. Аҳоли уйида етиштирган маҳсулотни дўконга топшириб, эвазига бошқа нарсалар олсак яхши бўларди, деган таклиф билдирди. Мисол учун, сут-қатиқ топшириб, ўрнига конфет ёки шакар олиши мумкин. Бундай сотувда яъни айрибошлашда ҳар иккала тарафнинг иши битади. Қайд этиш керакки, дала дўконларини қуриш учун талаб этиладиган маблағ Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади. Жамғарма ҳар бир дўкон учун 7 фоизлик 40 миллион сўм кредит бермоқда.

Авваллари томорқа ёки далада етиштирилган ҳосилни йиғиб, улов топиб бозорга бориш, маҳсулотни сотиш учун кун бўйи ўтириш керак бўларди. Энди эса уйдан шундай чиқариб, йўл бўйидаги дала дўконида сотилади. Йўл харажати йўқ, нархлари бозордан арзон. Рақобат ҳам бор. Ким арзон сотса, маҳалла аҳли шу дўкондан савдо қилади.

Манба: uza.uz