Бугуннинг гапи

Эл дардига дармон бўлайлик


05.07.2017   6365

Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари иштирокида қабуллар ўтказилмоқда.

Вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида аҳоли вакиллари иштирокидаги сайёр қабулларда Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига мазкур ҳудудлардан тушган мурожаатларга жавоблар берилмоқда. Соҳаларнинг раҳбарлари иштирокида қурилиш, таъмирлаш, таълим, тиббиёт, йўлсозлик, электр энергияси, газ таъминоти, уй-жой, пенсия ва паспорт тизими юзасидан қатор мурожаатлар ечимини топмоқда.

Кам таъминланган, ногирон ва меҳнатга лаёқатлилик даражаси чекланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни молиявий қўллаб-қувватлаш, уй-жой, бандлик масалаларини ҳал этишга ҳам жиддий эътибор қаратилаётир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т. Худойберганов ҳамда Олий Мажлис Сенати аъзоси, вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов иштирокида Андижон шаҳри ҳокимлигида ташкил этилган сайёр қабулда ана шундай энг муҳим мурожаатлар ижроси ифодасини топди.

Вилоятимиздаги ногирон ва меҳнатга лаёқати чекланган, уй-жойга ўта муҳтож фуқаролардан 20 нафарига Муҳтарам Юртбошимизнинг бевосита ғамхўрлиги туфайли бошланғич тўловлардан озод этилган тарзда уй-жойлар бериладиган бўлди.

Турғуной Абдуллаева болаликдан ногирон. Турмуш ўртоғи ва фарзандининг саломатлиги тўкис эмас. Андижон шаҳрининг Қўшариқ даҳасидаги 92-уйнинг 20-хонадонида икки оила иккита хонада тиқилинч яшаб келаётган эди. Янги уйлардан бири уларга насиб этадиган бўлди.

- Бир ҳовлида учта оила яъни тўққиз киши истиқомат қилиб келяпмиз, - дейди Олтинкўл туманидаги Мақсад маҳалласида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Одинахон Ҳакимова. – Сайёр қабулга келиб, уй-жой масаласида мурожаат қилган эдик, ниятимиз ушаладиган бўлди.

Асака туманининг Камолот маҳалласидан Зумрадхон Артиқова, Балиқчи туманининг «Авесто» маҳалласидан Азизбек Тоштанов, Бўз туманидан Ботиржон Ҳурбоев сингари ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқаролар ҳам мурожаатлари ечимини топганидан миннатдор бўлдилар.

Сайёр қабулда ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар ҳали мавжуд эканлиги таъкидланиб, маҳаллий ҳокимликлар, мутасадди идоралар вакилларининг масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш, сўровларни вақтида ўрганиб, ижросини таъминлаш юзасидан энг муҳим вазифалар белгиланди.

Андижон шаҳри ҳокимлигида шу куни Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси, суд, прокуратура, ички ишлар тизимлари мутасаддиларининг сайёр қабуллари ҳам ташкил қилинди.

Рустамжон ЭШОНОВ.

Муаллиф олган суратлар