Андижон 24

Экспортни кенгайтирган тадбиркор ютқазмайди


16.04.2018   1521

Давлатимиз раҳбари томонидан экспорт кўламини кенгайтириш ва импортни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу иқтисодий соҳадаги энг долзарб вазифалардан бирига айланди. Вилоят касаба уюшмалари бирлашмасининг мажлислар залидашаҳар ва туман ҳокимларининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосарлари, молия муассасаларива экспортёр корхоналарнинг раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилиш айни шу масалага бағишланди. Унда 2018 йил 1-чоракда енгил саноат ва ҳудудий экспорт режасининг бажарилишида йўл қўйилган камчиликлар ва уни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама этилди.

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Нодиржон Отажонов республика ишчи гуруҳи томонидан вилоятда амалга оширилаётган ишлар ўрганилаётгани, қонунчилигимизга киритилган ўзгаришлар, тадбиркорлар учун яратилган имкониятлар ҳақида гапирди. Ютуқлар билан бирга айрим йўналишларда ўсишга эришилмаётганига йиғилганлар эътиборини қаратди.

Маълумотларга кўра, 2018 йилнинг январъ-март ойларида 23 миллион АҚШ долларилик маҳсулот ишлаб чиқарилиб белгиланган режа 114 фоизга бажарилди. Жумладан халқ истеъмол моллари 285, енгил саноат 202, ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш 155 фоизга бажарилди. Бироқ атиги 8 миллион 532 минг АҚШ доллариликмева-сабзавот экспорт қилингани, натижада бу йўналишда белгиланган режа 68 фоизга бажарилгани ачинарли.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, тизимда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, яратилаётган имкониятлардан фойдаланган ҳолда экспорт хажмини ошириш, бу борада тадбиркорлик субъектлари раҳбарларини қийнаётган муаммолар ўрганилди. Молия муассалари олдига янги лойиҳаларни амалга оширишда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, айниқса хорижий линиядаги кредитлардан мақсадли фойдаланиш юзасидан тушунчалар берилди.

Йиғилиш якунида мутахассислар томонидан иштирокчиларнинг саволларига жавоб берилди.

Акбаржон НАЗАРОВ.

Рустамжон Эшонов олган суратлар.