Андижон 24

Экологик тоза шаҳар учун: КУНИ ТУНДАН, ТУНИ КУНДАН ГЎЗАЛ ХОНОБОД


04.06.2018   1529

Якка тартибдаги тадбиркор Маҳмудхон Собиров Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Хонободга 100 дона велосипед олиб келди. Шаҳарнинг герби туширилган бир, икки ўринли, қўш велосипедлар Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган. Ишбилармон ёз ичи яна 100 дона келтиришни ният қилган.

- Ҳаракатланиш жуда қулай, - дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳудудий Кенгаши раиси Фарҳодбек Мавлонқулов. –То оқшомга қадар экологик зарарсиз транспорт воситасини миниб юрган кексаю ёшни кўриб қувонасиз. Буларнинг барчаси ҳамшаҳарларимизнинг “Экологик тоза шаҳар учун!” шиори остидаги хайрли ҳаракатларидан бири. Тозалик, озодалик, саранжом-саришталик, орасталик, покизалик... мана шу хусусиятларга маънодош яна қандай сўзлар бўлса, барини шаҳар қиёфасига менгзаш мумкин. “Чекиш мумкин эмас!” деган огоҳлантирувчи сўзлар қаторида писта чақиш, йўлакларга ва четларига чиқит ташлаш, гулларни топташ мумкин эмаслигини қатъиян белгиловчи хитобларни ҳам фақат Хонободда кўрасиз. Шаҳарнинг биринчи раҳбари Солижон Меҳмонов анъаналари давом этмоқда.

Тунда, ранго ранг чироқлар остида шаҳарнинг бор салобати, фусункорлиги яна ҳам ортади. Қад ростлаётган иншоотлар, бинолар, ям-яшил хиёбонлар, маҳобатли қир-адирлар бари-бари бунёдкор одамлар меҳнатига тасаннолар айтаётгандек туюлади.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.

Азаматжон Тошматов олган суратлар.